Омбудсман Темировни мамлакатдан чиқарган куч идораларини жавобга тортишни таклиф қилди

274

Омбудсман Атир Абдрахматова журналист Болот Темировни мамлакатдан чиқарган куч органларининг ходимларини жавобга тортиш илтимоси билан Бош прокурор Қурманқул Зулушевга мурожаат қилди. Бу ҳақда омбудсмен институтидан билдиришди.

Билдирувда суднинг журналистга нисбатан ҳукми Фуқаролик процессуал кодексига, Конституцияга, Инсон ҳақларининг умумий декларациясига, Фуқаролик ҳамда сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро актга қарши келиши айтилади.

«Омбудсман институти Қирғизистон ҳудудида қайсидир одамнинг мақомини бузишга йўл бериб бўлмайди деб ҳисоблайди. Болот Темировни ҳеч қандай шартда ва унинг истагига қарши куч билан давлатдан чиқариб бўлмайди. Бош прокуратура тез орада Конституциянинг кафолатларини барча фуқаролар учун барқарор ҳамда бирдек фойдаланишни таъминлаши керак», — деди омбудсман.

Шунингдек, омбудсман Атир Абдрахматова Россия Федерациясидаги инсон ҳақлари бўйича комиссар Татьяна Москальковадан Темировга Россияда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни илтимос қилди.

Темировнинг депортация қилиниши

23-ноябрда Бишкек шаҳар суди суриштирувчи журналист Болот Темировнинг «ҳужжатларни сохталаштириш иши» бўйича аппеляция аризасини кўриб чиққан.

Суд мажлисида давлат айбловчиси судга Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш таклифини бериб, суд Темировни мамлакатдан чиқариш бўйича янги ҳукм қабул қилган. Ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари Темировни суд залидан куч қўлланиб олиб чиқиб кетишган.

Аввалроқ Бишкекнинг Свердловск туман суди Темировни гиёҳванд моддаларни сақлаш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айби бўйича оқлаган, бироқ уни ҳарбий гувоҳномани қалбакилаштириш ва шунинг ортидан «ноқонуний» паспорт олганликда айбдор деб топган. Аммо даъво муддати ўтгани учун Темировга нисбатан жазо тайинланмаган.

Темировнинг ўзи сўнгги сўзида ишни «ҳокимият буюртмаси» деб атаган. Шаҳар суди йиғилишида Темировнинг ҳимоячиси жиноят таркиби йўқлиги сабабли журналистни тўлиқ оқлашни талаб қилган.

Суд қарор чиқаргач, журналист суд биносидан мажбуран олиб чиқилиб, номаълум томонга олиб кетилган.

Уч соатдан кўпроқ вақт давомида унинг қаердалиги номаълум бўлган – Темировни на вақтинчалик ҳибсхонадан, на Бишкекдаги махсус ҳибсхоналардан топиб бўлмаган. Темировнинг адвокати Баатир Ботобеков журналистларга изоҳ бериб, у ўз ҳимояси остидаги шахснинг ғойиб бўлишини «зўрлаб йўқолиш» деб ҳисоблайди.

Кечга яқин Ботобеков Темировни қидириб «Манас» халқаро аэропортига келган. Адвокатга аэропортдаги милиция пунктидан журналист у ерда йўқлигини айтишган.

Бироқ соат 20:00 га яқин фуқаро кийимидаги бир неча шахслар, эҳтимол, ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари милиция пунктига кириб, Темировни у ердан олиб чиқиб кетишган ва шошиб, лифт орқали уни кутиш зали томонга олиб кетишган.

Кейинчалик суриштирувчи журналистнинг адвокати Темиров Қирғизистондан Москвага депортация қилинганини билдирди.

Қирғизистондаги медиа жамоатчилик суриштирувчи журналистнинг мамлакатдан чиқарилиши «очиқ-ойдин қувғин» деб баҳолади. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса журналистни мамлакатдан чиқишга мажбурлаган ҳукуматнинг ҳаракатини танқид қилиб, Темировга ва мустақил ахборот воситаларига бўлган «босимни зудлик билан тўхтатишни» талаб қилди.