Бишкекда қизларни мажбуран турмушга бериш учун ўғирлаганликда гумон қилинганлар қўлга олинди

321

Милиция ходимлари мажбуран турмушга чиқариш мақсадида қиз ўғирлаганликда гумон қилинган икки шахсни қўлга олди. Бу ҳақда Бишкек шаҳар Ленин туман ИИБнинг матбуот хизмати хабар берди.

Милиция маълумотларига кўра, 20-ноябрда гумонланувчилар қизнинг қаршилик кўрсатишига қарамай, уни ўғирлаб, Тўқмоқ шаҳрига олиб кетишган. Қизнинг ўзи тегишли ариза билан милицияга мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Никоҳ қуриш мақсадида одам ўғирлаш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Милиция 20 ва 24 ёшли икки кишини ҳибсга олган. Улар Бишкек ИИБнинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилган.

Қиз ўғирлашда гумон қилинганлар.

Аёллар ва қизларни ўғирлаш

Қирғизистонда қизларнинг ўғирланиши жамиятда узоқ йиллардан бери муҳокама қилинаётган оғир масала. Кўп ҳолларда қизларни мажбурий турмуш қуриш мақсадида ўғирланади.

Амалдаги Жиноят кодексига кўра, никоҳ қуриш мақсадида одам ўғирлаш 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаганларни никоҳ қуриш мақсадида ўғирлаш 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2021-йилда аёлларни ўғирлаш ва мажбуран никоҳдан ўтказиш билан боғлиқ 560 та ҳолат қайд этилган. Аксарият ҳолларда бундай ҳолатлар судгача етиб бормайди, қонунни бузганлар эса тегишли жазосини олмайдилар.

Босқинчининг жазосизлиги ўғирланган қизнинг ўлими билан тугайдиган ҳолатлар мавжуд.

Масалан, 2021-йили  Айзада Канатбекованинг тақдири фожеали тугаган. Айзадани Замирбек Тенизбаев исмли фуқаро ўғирлаб қочиб, зўрлаб, қизни ўлдириб, кейин ўз жонига ҳам қасд қилган. Воқеа жамоатчликда резонанс яратгани сабаб, Тенизбаевга қизни ўғирлашга ёрдам берганлар реал жазосини олиб, озодликдан ажратилган. Аммо қизни ўлимининг олдини олмаган милиция ходимлари тегишли жазосини олишгани йўқ.

Шу каби воқеа 2018 йили май ойида содир бўлган. Ўшанда 19 ёшли Бурулай Турдали қизини ўғирлаб кетган шахс уни милиция бўлимида ўлдирган. Гумонланувчи уни мажбуран турмуш қуриш мақсадида ўғирлаб кетган. Аммо улар қўлга олиниб, бўлимга олиб келинганидан сўнг, у уни пичоқ билан ўлдирган ва ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган.