Ташиев: Ўзбекистон келишувни бузса, Кампирободга келган сувларни бошқа ерга буришимиз мумкин

316
Қамчибек Ташиев

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг етакчиси Қамчибек Ташиев «Ала-Тоо24» каналига қирғиз-ўзбек чегараси ва Кампиробод сув омбори бўйича парламент қўл қўйган келишувлар ҳақида фикрини айтди.

Ташиев барча ҳужжатлар қонун доирасида қабул қилинди деб ҳисоблайди. У Қирғизистон «ниҳоят ўз харитасини кенгайтириб, Кампиробод сувини назорат қила олди» деган фикрини билдирди.

«Ҳаммаси қонун доирасида ҳал қилинди»

Ташиевнинг 17-ноябрда Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси бўйича барча келишувлар Конституциявий қонуннинг ва Жогорку Кенешнинг регламенти асосида қабул қилинганини айтди. МХДҚнинг етакчиси мухолиф депутатлар йиғилишда «бирорта ҳам аниқ савол бера олишмади» деб билдирди.

«Баъзи депутатлар эса чиқиб, “регламент бузилди, ундай-бундай” деган гапларни айтишди. Буларнинг барчаси сиёсатга қарши гапиради. Ҳар хил баҳоналар келтирган депутатларимиз бу келишув ҳақида бир оғиз сўз ҳам, савол ҳам бера олмадилар. «Биз бу ерига рози эмасмиз. Қонуннинг бу ери нотўғри ёки қўшимча-олимчаларимиз бор” деб айта олишгани йўқ», — деди у.

«Қирғизистоннинг ери кенгайди»

Суҳбат чоғида Ташиев Қирғизистон Кампиробод сув омбори остидан 4485 гектар ерни қўшни давлатга бергани, бунинг ўрнига Ўзбекистондан 19,7 минг гектар ер олганини таъкидлади.

«Қирғизистон харитаси 19 миллион 994 минг 928 гектар ердан иборат бўлса, кечаги қарорга кўра, 15 минг 572 гектар қўшилгандан сўнг бизнинг Қирғизистон ерлари 20 миллион 10 минг 500 гектарга айланди. Ҳар бир ҳужжатга 19 деб ёзиб келар эдик, “психологик тўсиқдан” ўттик. Бизнинг мамлакатимиз бундан кейин 19 деб ёзилмайди, энди 20 деб ёзилади», — деди у.

«Мухолиф ҳаракатлар халқнинг бошини айлантиришди»

Ташиев Қирғизистонда охирги уч ойда турли мухолиф ҳаракатлар, айрим сиёсатчилар «нотўғри маълумот тарқатиб, халқнинг бошини айлантирмоқда» деб билдирди.

У бундай ҳаракатлар бўлганини уч ой ичида «барча маълумотни халққа тўлиқ етказишга имконият бўлмагани» билан тушунтирди.

«Жамиятимизда турли қатлам вакиллари бор. Турли сиёсий ташкилотлар ва мухолиф ҳаракатлар мавжуд. Охирги уч ойдан бери жуда нотўғри маълумотлар тарқатиб, халқни чалғитиб, одамларга ёлғон маълумот бериб келишди. Чунки сўнгги уч ойдан, қўл қўйилгандан бери халққа тўлиқ маълумот бериш имкониятимиз бўлмади. Бу шартнома биз учун жуда муҳим, қулай ва фойдали бўлганидан, агар бунинг барини [шартномани] ошкор қилиб юборсак бузилиб кетар эди. Шунинг учун охирги куни, кечагина очдик. Барча карталарни очдик» — деди у.

Ўрта-Тўқай сув омбори ва Ғавасой

Махсус хизматнинг етакчиси Ўрта-тўқай сув омбори билан Ғавасой ҳудуди Қирғизистонда қолганини таъкидлаб, сувни қирғиз халқи фойдаланади деб ишонтирди. Ташиевнинг айтишича, «уларни Ўзбекистонга ҳеч ким бермаган».

«Ўрта-Тўқай сув омборининг платинаси ҳам, ери ҳам тўлиғича Қирғизистонда туради. Унга қўшимча мажбуриятларни ҳеч ким олмаган. Чечма-Булоқ бўйича. Ҳозир Ўзбекистон билан қандай фойдаланиб келсак, ўша бўйича қолди. Чечма-Булоқни ҳеч ким ўтказиб бергани йўқ. Ғавасой бўйича тушунмаганлар “уни Ўзбекистонга берибсизлар” деб айтмоқда. Улар Қирғизистонда қолди, ҳеч кимга берилгани йўқ», — деди у.

Бундан ташқари, Ташиев Ғавасой тоғли ва энг чиройли ер эканини қўшимча қилди.

Кампирободни нега беришди?

Ташиев Кампиробод қирғоғида балиқ овлаб катта бўлганини айтиб, баъзида «ўзбек чегарачиларидан қочардик» деб билдирди. Шунингдек, у «Қирғизистон ҳеч қачон Кампирободни бошқармаганлигини» айтди.

«Баҳорда деҳқонларимизга сув бермай, 10-15 кун сув кутган кунларимиз бўлди. Керак бўлмаганида сув қўйиб юбориб, Жийде, Сузоқ қишлоқларидаги далаларни, одамларнинг уйларини сув босиб, қанча қийналиб юришди? Булар хоҳласа сув бермайди, ҳоҳласа беради, истаса кўп беради, хоҳласа кам беради. Энди бундай бўлмайди. Кечаги қабул қилинган қарор асосида, Кампиробод сув омборини биз бошқарамиз. Биз бошқарувни назорат қиламиз. Сув етиб бормайдиган жойларга сув чиқариш, чорва молларини боқиш мумкин бўлади», — деди Ташиев.

МХДҚнинг етакчиси қирғиз-ўзбек чегараси бўйича келишувни «иқтисодий жиҳатдан фойдали алмашиш» деб атади.

«Кампирободнинг ёнидаги ерни бериш керак эди. Ҳаёт шундай. Мана сиз қизингизни тарбиялаб,  ўстирасиз, меҳрибон, ғамхўр бўласиз, унга ўргатасиз, лекин вақти келганда уни турмушга берасиз. Сиз ҳатто энг севимли қизингизни ҳам берасиз. Чунки ҳаёт ҳақиқати шунга олиб келади», - деди Ташиев.

Ўзбекистон келишувни бажармасачи?

Ташиев Ўзбекистон «келишув бўйича ўз мажбуриятларини бузмайди» деб ишонтирди. У агар қўшни давлат келишувни бажармайдиган бўлса, Кампирободга келган сувларни, «бошқа ёққа буриши мумкин» эканини айтди.

«Агар эртага Ўзбекистон томони бажармай қўйса, халқаро шартномалар бор. Халқаро қоидалар мавжуд. Аммо ўшаларга ҳам қарамай қўйса унда бизнинг фуқароларимиз бизнинг бошқа яна ричакларимиз бор», — деди у.

 Қирғиз-тожик чегараси

Махсус хизматнинг етакчиси бундан ташқари қирғиз-ўзбек чегара масаласига тўхталиб, бу масалани ҳал қилишга қайсидир бир даражада ҳаракат қила бошлаганини айтди.

«Уч-тўрт кун бўлди мен Тожикистоннинг пойтахти Душанбега бориб келдим. Икки томон комиссия билан гаплашиб, бир фикрга кела бошладик. Худо хоҳласа яқин кунларда Тожикистоннинг катта делагацияси бизга келади. Протоколга қўл қўйдик. Энди мувофиқлаштирамиз, кейин келишувга қўл қўямиз. Жогорку Кенешга олиб келамиз, муҳокама қиламиз, парламент ратификациялайди, президентлар қўл қўяди. Икки давлатнинг муаммоси ҳал бўлади», — деди МХДҚнинг етакчиси.

 «Провокаторларга чора кўрилади»

Ташиев «вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилган провокаторларга» қарши чоралар кўрилишини айтди.

«Нима учун давлат тўнтаришлари аввал содир бўлган? Чунки ўз вақтида чора кўрилмаган. Давлатда барқарорлик йўқ эди. Энди бу содир бўлмайди. Менинг бурчим мамлакатда барқарорлик, осойишталик ва қонунийликни сақлашдан иборат», — дея хулоса қилди Ташиев.

14 ноябрь куни Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатаси Қирғизистон билан чегара ҳақидаги келишувни маъқуллади.

17 ноябрь куни Қирғизистон парламенти Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудни ратификация қилиш ва Кампирободни биргаликда бошқариш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини маъқуллади. Депутатлар ушбу ҳужжатларга бирданига учта ўқишда овоз беришди.

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси – Олий Мажлис Сенати 18 ноябрь куни Қирғизистон билан чегара тўғрисидаги битимни маъқуллади.

Энди ҳужжатлар икки давлат президентларига имзо учун жўнатилади, улар қўл қўйгандан  кейин қонун кучга киради.