Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси 18-ноябрда СИЗО-1дан қирғизистонликларга мурожаат қилди. Мактуб мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинди.
Қўмита аъзолари Кампиробод сув омборини беришга қарши чиққан 18 депутатга миннатдорчилик билдиришди.
«Афсуски, ҳукумат Кампирободнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан сиёсатчилар, фуқаролик лидерларни, журналистларни таъқиб қилиш ва ҳибсга олиш орқали ўз мақсадларига эришди. Тарихимизда аввал бўлганидек қўрқоқ, хушомадгўй аксар депутатлар [сув омборини ўтказишни] қонунийлаштириб беришди. Депутат Адахан Мадумаров айтганидек, депутатларни овоз бердириш учун ҳукумат ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳам фойдаланди. Бунга ратификация вақтида МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев депутатларга босим ўтказиб, уларни қўрқитгани ҳам далил», деб ёзишди улар.
Қўмитанинг қайд этишича, Кампирободни Қирғизистонга қолдиришнинг яна бир йўли бор – Халқаро судга мурожаат қилиш.
«Биз Халқаро судга мурожаат қиламиз. Охирги икки йилда, бизнинг ҳукумат аввалги йиллардан бир қатор коррупциялашган ҳамда авторитар эканини барча халқаро суриштирувчи, обрўли ташкилотлар тасдиқлашди. Кампирободни Ўзбекистонга ўтказиб беришда, бизнинг ҳукумат, авторитар ва коррупцион усуллардан фойдаланганини исботлаймиз», — дейишди қўмита аъзолари.
Улар Кампиробод сув омбори учун курашни давом эттиришларини қайд этдилар.
Жогорку Кенеш 17-ноябрда уч ўқишда «Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартномани ва «Кампиробод (Андижон) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқа ҳақидаги келишувни» ратификациялаш тўғрисидаги баҳсли қонунларнинг лойиҳасини маъқуллаган.
Учинчи ўқишда қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимни 64 нафар депутат қўллаб, 19 нафари эса қарши овоз берган. Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишувни эса 65 нафар депутати қўллаб, 18 нафар депутат қарши чиққан.
Овоз беришда қатнашган депутатларнинг умумий сони 83 нафарни ташкил этган. 7 нафар депутат қатнашмаган.
Муҳокама президент Садир Жапаровнинг иштирокида бўлиб ўтган. Қонун лойиҳалари Қамчибек Ташиев баён қилган. Ҳар икки юқори мартабали мутасадди бу давлатга фойда эканини таъкидлаб, депутатларни ҳужжатларни тасдиқлашга ундаган.
Айрим депутатлар келишувга қарши чиқишган. Мухолифатдаги депутат Адахан Мадумаров ҳамкасбларини ҳужжатларни тасдиқлашга мажбур қилиш бўлганини билдирган.
Энди ҳужжатларни президент имзоси учун жўнатилиб, у имзолагандан кейин кучга киради.
Кампиробод бўйича баҳслар
«Қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкаларини делимитациялаш ҳақидаги келишувнинг» лойиҳасига кўра, Қирғизистон Кампиробод сув омборининг остидаги 4485 га ерни Ўзбекистонга қолдириб, ўрнига бир неча вилоятдан 19 минг гектардан ошиқ ер олади. Президент Садир Жапаров билан МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев бу келишув мамлакат учун ютуқ деб айтишмоқда.
Шунга қарамай маҳаллий турғунлар билан айрим сиёсатчилар бунга қарши чиқишмоқда. Айрим маҳаллий турғунлар агар Кампиробод Ўзбекистонга ўтса, Ўзбекистон ваъдасида турмай, сувни ва сув омборининг аторофидаги ерларни қўллана олмай қоламиз деб хавотир олишмоқда.
Келишувни ратификациядан ўтказиш ва муҳокама жараёни баҳслар билан ўтмоқда — бунга қадар депутатлар ҳамкасби Чингиз Айдарбековни парламентнинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси бошчилигидан олишган. У келигувнинг лойиҳасига қарши чиқиб, қўмитанинг қарорига қўл қўйишдан бош тортган. Буни у депутатларнинг қўлига барча ҳужжатлар берилмагани билан тушунтирган.
Умумий қилиб айтганда, муҳокама қилинаётган ҳужжатлар бўйича сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг ўзида ва мамлкатнинг икки йирик шаҳри — Бишкек ва Ўшда митинг ҳамда қурултойлар ўтган.