Польша ҳудудига "Россия ракеталари" тушди

250

Сешанба куни Польшанинг Украина билан чегара яқинида иккита ракета портлаган. Дастлабки маълумотга кўра, икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Польша радиоси ва Associated press агентлиги хабар берди.

Агентлик АҚШ разведкасининг исми ошкор этилмаган юқори мартабали мулозимларига таяниб хабар беришича, ракеталар Полша ҳудудига учган ва улар Россияга тегишли.

Польшанинг “Radio ZET”радиостанцияси хабарига кўра, ракеталар Пшеводов қишлоғида портлаган.

Портлашлар ортидан Польша ҳукумати хавфсизлик ва мудофаа қўмитасининг фавқулодда йиғилишини ўтказмоқда, деб ёзади “Gazeta Wyborcza”.

Ҳодиса ҳақидаги маълумотни Латвия мудофаа вазири Артис Пабрикс ҳам тасдиқлади.

"Польшалик қуролли биродарларга ҳамдардлик билдираман. Россиянинг жиноий режими ракеталарни учирмоқда, улар нафақат Украина фуқароларига, балки Полшадаги НАТО ҳудудига ҳам келиб тушди", - деб ёзди Пабрикс Twitter саҳифасида.

Пшеводов қишлоғи Украинанинг Львов вилояти билан чегарасидан беш километр узоқликда жойлашган.

Россия сешанба куни Украина шаҳарларини яна ҳужумга тутди. Уларнинг асосий мақсади - энергетика инфратузилмаси объектларини яксон қилиш. Украина президенти девони маълумотларига кўра, энергия таъминоти тизимига ракета ҳужумларидан сўнг Украинада 7 миллионга яқин хонадон электрсиз қолган.