Қирғизистон МХДҚнинг раҳбари Қамчибек Ташиев ва Тожикистон МХДҚ етакчиси Саймўмин Ятимов чегарани делимитация қилиш тўғрисидаги протоколни имзоладилар. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамасининг сайтида хабар берилди, аммо протоколнинг моҳияти ошкор қилинмаган.
Учрашув Душанбеда «дўстона муҳитда ва ўзаро тушуниш руҳида» ўтгани билдирилди. Маълумотга кўра, томонлар навбатдаги учрашувни Қирғизистонда ўтказишга келишиб олганлар.
Чегарадаги қуролли можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-17 сентябрь кунлари қуролли тўқнашувлар содир бўлган. Ўққа тутилган ва жанглар кетаётган жойларда яшовчи 136 мингдан ортиқ қирғизистонлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Қирғизистоннинг бир қанча қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, чегарадаги қуролли тўқнашувларда камида 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, 206 нафари яраланган.Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар натижасида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Ҳар икки томон бир-бирини можаронинг кучайишида айблаб келади.
Шунга қарамай, сентябрь ойи охирида Қирғизистон ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўртасида протоколлар имзоланган бўлиб, унга кўра, учта чегара пости ва ҳар икки томондан биттадан застава фаолияти тугатилган. Ташиевга кўра, айнан шу чегара пунктларида можаролар бошланган.
Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати протоколнинг вақтинчалик эканлиги ва Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёни тугагунига қадар амал қилишини тушунтирган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, икки давлатнинг мобил чегара отрядлари келишилган ҳудудларда хавфсизликни таъминлайди.