Депутат Қадирбеков Кампиробод бўйича қарор қабул қилишга мораторий эълон қилишни таклиф қилди

284

Депутат Нуржигит Қадирбеков 2 ноябрда парламент йиғилишида президентга мурожаат қилиб, Кампиробод сув омбори бўйича қарор қабул қилишга мораторий эълон қилишни таклиф қилди.

Халқ вакили ҳамкасблари олдида сўзга чиқиб, олдинда «қийин танлов» турганини таъкидлаб, норозилик сифатида профиль қўмитасининг сув омборини биргаликда бошқариш бўйича қарорига овоз беришдан бош тортганини билдирди.

«Кампиробод бўйича [мен қайсидир бир томонда турмайман], аммо президентдан 3-4 йилга мораторий эълон қилишни сўрайман. Чунки биз бу қарорни қабул қилган одам сифатида, эртага тарихда қоламиз. Бориб, ўз кўзимиз билан кўриб келмагунча, барча ҳужжатлар билан танишмагунча, қанчалик ҳақиқатга мос келишини солиштирмагунча қарор қабул қилиш жуда оғир экан. Шунинг учун  кўпчиликнинг юраги оғрияпти, тушуняптими, тушунмаяптими, балки уларнинг позицияси нотўғридир, лекин кўпчиликнинг назаридан қолиб бу қарорга келмайлик турайликчи. Давлат раҳбаридан ушбу илтимосни кўриб чиқишни сўраган бўлардим», — деди Қадирбеков.

31-октябрда парламентнинг тармоқ қўмитаси ёпиқ йиғилишда Кампиробод сув омборини биргаликда боқариш бўйича Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги битимни маъқуллаган. Аввалроқ расмийлар сув омборини бошқариш бўйича икки давлатнинг ўртасида қўшма корхона ташкил этилишини маълум қилган. Унинг таркибига Қирғизистондан 12 ва Ўзбекистондан 12 кишидан иборат гуруҳ киради.

10-октябрда эса ўша қўмита ёпиқ йиғилишда «қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкалари бўйича келишув лойиҳаси»ни маъқуллаган. Ушбу ҳужжатга кўра, Қирғизистон Кампиробод сув омборининг 4485 гектарини Ўзбекистонга беради, бунинг эвазига бошқа ҳудудлардан 19 минг гектардан ортиқ ер олади.

Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев келишув мамлакат учун фойдали эканини таъкидламоқда.

Бироқ маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар норозилик билдирмоқда. Айрим маҳаллий аҳоли Кампиробод Ўзбекистонга ўтса, сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудудлардан фойдалана олмай қолишидан хавотирда.

Ҳукуматнинг Кампирободни Ўзбекистонга ўтказиш ташаббуси сув омбори жойлашган Ўш вилоятида, шунингдек, мамлакатнинг энг йирик шаҳарлари – Бишкек ва Ўшда бир қанча митинг ва намойишларга сабаб бўлди.

Шунингдек, расмийлар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбланган 26 кишини ҳибсга олган. Уларнинг барчаси Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиевни сув омборини қўшни давлатга бериб қўйганини танқид қилган.