Жогорку Кенешнинг 2 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутат Женишбек Токторбоев ҳамкасбларидан Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга беришга қарши чиққан фаоллар ва сиёсатчиларнинг оммавий ҳибсга олиниши ҳақидаги маълумотни бузиб кўрсатмасликни сўради.
«Қўмита йиғилишида депутатимиз оммавий ҳибсга олишлар жуда қўпол бўлганини, Қирғизистон тарихида бундай бўлмаган деган ёлғон маълумот тарқатди. 2019 йили Сооронбай Жээнбеков президентлик вақтида ўзининг жон дўсти, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни олиб келиб қамамаганмиди? Қўли, оёғини қайриб қамамадими? Бутун дунёда ва халққа шарманда қилиб қамаган. Шунинг асосида бизнинг бир ҳарбий вафот этган, яна бир полковнинг ногирон бўлиб, ҳозир ногиронлар аравачасида ўтирибди. Бу нима, бу тарих эмасми? Ўшанда нима қўпол бўлмаганми?» – деб норози бўлди депутат.
Тўкторбоев айнан қайси депутат ҳақида гапираётганини айтмади, бироқ Жээнбеков бошқарган даврда Ташқи ишлар вазирлигининг бошида турган деб тушунтирди.
«Ушбу ҳамкасбимга айтмоқчиманки, у Жээнбековнинг этагида намоз ўқиган, ҳатто итига ҳам сизлаб мурожаат қилган. Укаси Асилбекнинг пальтосини кийгизиб, портфелини кўтариб юрмаганмиди… Ўшанда бу ҳамкасбимиз ташқи ишлар вазири эди. Агар у қаҳрамон ва ватанпарвар бўлса, ўшанда нега ҳибслар қўпол бўлганини айтмади?». – деб сўради депутат.
Бу депутат Тўкторбоевнинг фаоллар ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши ҳақида биринчи марта чиқиши эмас. Жогорку Кенешнинг 27-октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида у аввалроқ ҳукуматни Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишини танқид қилган аёллар ва ёш фаолларни озод қилишга чақирган собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг фикрига қўшилмаслигини айтган.
«Кеча собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўз интервьюсида ҳибсга олинган аёллар ва ёшларни озод этилиши кераклигини айтган. Мен унинг фикрига қўшилмайман. Терговчининг ўзи билади. Лекин Атамбаев даврида ҳам Текебаев, Жапаров, Ташиев, Мамитов каби таниқли сиёсатчилар, шунингдек, таниқли журналистлар ҳибсга олинган. Келинг, [бунга] адолат билан қарайлик », — деган у.
Унинг айтишича, ҳуқуқ тартибот идоралари «дежур сиёсатчиларни» қўлга олган.
«Агар уларга ҳокимият берилса, ҳукуматни мақтайдилар, ҳокимиятни тарк этсалар, ҳукуматни ёмонлайди. Биз уларни дежур сиёсатчилар деб атаймиз.Мен мана, Қирғизистонда таниқли сиёсатчиларни биламан. Омурбек Текебаев, Темир Сариев, Накен Касиев, Шеримқулов, Жумагулов оталаримиз, Садир Нуркожоевия, Қамчибек Қидиршаевич деган таниқли сиёсатчиларни биламан. Мана шуларни таниқли сиёсатчилар деб аташ мумкин, ўртоқлар», деб ҳисоблайди депутат.
Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши
26 нафар фаол ва сиёсатчининг оммавий ҳибсга олиниши октабр ойи охирида бўлиб ўтди. Уларнинг барчаси Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиевни сув омборини қўшни давлатга бераётганини танқид қилган.
Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилиши чегарани делимитация ва демаркация қилиш комиссияси раҳбари Қамчибек Ташиев ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
Депутатлар бир неча ҳафтадан бери Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказишга рухсат берувчи ҳужжатларни кўриб чиқмоқда ва муҳокама қилмоқда.
Бу муҳокамаларнинг барчаси шов-шув билан кечмоқда – аввалроқ депутатлар ўз ҳамкасби Чингиз Айдарбековни қўмита раислигидан четлатган эди. У сув омбори остидаги ерларни Ўзбекистонга беришни назарда тутувчи келишувга қарши чиққан.
Муҳокама қилинаётган ҳужжатлар бўйича митинглар, қурултойлар ўтказилди.