Давлат айбловчиси фаол Адилет Балтабайни беш йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради

287

Бишкекнинг Биринчи май туман суди ижтимоий тармоқларда Адилет Балтабай номи билан танилган блогер ва жамоатчи фаол Адилет Али Миктибек иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Азаттык» ёзди.

Нашрнинг ёзишича, мажлисда судья Балтабайнинг ижтимоий тармоқлардаги билдирувлари ва публикациялари бўйича тайинланган лингвистик экспертизалар якунланганини маълум қилди. Фаол тартибсизликларга чақиришда айбланмоқда.

«Давлат прокурорининг таъкидлашича, экспертиза натижаларига кўра [постда] «қонун талабларига бўйсунмаслик ва тартибсизликларга чақириш белгилари аниқланган». Прокурор судьядан енгиллаштирувчи ва бошқа ҳолатларни инобатга олган ҳолда фаолни беш йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради», — деб ёзади «Азаттык».

Адилет Балтабайнинг ўзи ва унинг адвокати фаолнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлигини таъкидламоқда.

Archa Media нашрининг маълумотига кўра, фаолга нисбатан ҳукм 11-ноябрда чиқади.

Балтабаев 30-июнда «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича қўзғалган жиноят иши доирасида қўлга олиниб, Бишкек ШИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киргизилган эди.Блогер ҳибсга олингунга қадар турли тадбирларда фаол иштирок этиб, уларни ёритган.

Next TV телеканалининг эгаси Равшан Жээнбеков «Клооп»га Адилет Балтабаев охирги икки ойдан бери хабарчи бўлиб ишлаётганини айтган. У ҳам фаол Балтабаевнинг Фейсбукдаги постлари сўроққа чақиришга сабаб бўлмоқда деб ҳисоблайди.

Фаол ўзи Фейсбукдаги билдирувларининг орасидан 20-30 пост танлаб олиниб, экспертиза уларда оммавий тартибсизликларга чақириқ бор деган хулоса чиқарганини айтган. У ўзини айбдор деб ҳисоблашини, ўзига нисбатан қўзғалган ишни сўз эркинлигига босим қатори баҳолашини таъкидлаган эди.