Бугунги кунда 100га яқин жанублик болалар Муфтият тарафидан уюштирилган диний лагерларда ёзги таътилни ўтказмокда. Бундай лагерлар Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятларида очилган. Лагер давомида болаларга диний тарбия ва иймон дарслари ўтказилади.
Ўш вилояти Ўзган туманидаги Имом Ал Бухорий мадрасаси қошида очилган Исломий оромгоҳ 100 га яқин болани ўз қучоғига олди. Булар уч жанубий вилоятлардан ташриф буюрган болакайлар. Оромгоҳ етакчиси Акжол Бакировнинг айтишича, лагернинг асосий мақсади болаларда Ислом дини ҳақида тўғри фикр туғдириш.
"Бугунги кунда Ислом дини ҳақида жуда кўп салбий фикрлар тарқаган – дейди Акжол Бакиров – биз бу фикларга чек қўйишимиз керак. Қандай қилиб дейсизми? Биз ёшларимизни тўғри тарбия қилишимиз керак. Ёзда бекорчиликдан интернет клубларда вақт ўтказган бола қайда-ю, бизнинг оромгоҳда беш вақт намоз ўкиб, Қуръон ёдлаган бола қайда. Биз нафақат диний тарбия билан шугулланамиз, қолаверса одоб ахлоқ ҳақида кўп гапирамиз. Ота-онага ҳурмат, қўшни билан муомала, миллатлар аро дўстлик – бу дарсларимизнинг мавзулари", - дейди у.
Самиддин ўгли Билол 10 ёшда. У лагерга Жалол обод вилоятидан келган. Ота-онасидан узоққа кетиши биринчи маротаба бўлишига қарамай, бошқа болалар билан тез тил топишиб кетди.
"Менга лагер жуда ёқди. Мен бу ерда янги дўстлар орттирдим. Араб тилини ўргана бошладим. Намоз ўқияпман. Келажакда домламга ўхшаган катта қори бўламан, Худо хоҳласа", - дейди болакай.
Қуръон тиловат қилиб ўтирган яна бир болакай Умаржон Туратов лагер бир ойлик бўлганидан норози.
"Энди бир-биримизга ўрганиб қолганимизда ажралишга тўғри келади. Бира тўла уч ой бўлса яхши эди. Бошида озгина қийинчилик бўлди. Бомдод намозига саҳар туришга қийналдим. Ҳозир ўрганиб қолдим. Лагердан ташқарида хам дин сабоқларини ўрганишни давом эттираман", – дейди кулиб Умаржон.
Болалар тушгача диний дарслар билан машғул. Араб алифбоси, Қуръонни қироат билан уқиш, намоз сабоқлари, иймон дарсларини Имом Ал Бухорий номидаги Ислом институтининг муаллимлари ўтишади. Тушдан сўнг болалар спорт ўйинлари ва чўмилиш билан банд.
"Болалар билан ишлаш осон эмас. Биз ҳар бир болага алоҳида эътибор беришга ҳаракат қиламиз. Бу ерга келишдан олдин тўполончи, хуқуқ бузар бўлган болачаларимиз ҳам бор. Лекин секин аста булар тўғри йулдан юра бошлашди. Мен бу лагернинг таъсири деб уйлайман. Исломий тарбия олган бола барибир бошқача бўлади. Бизнинг болалар ҳатто уят сўзларни ҳам унутишган. Ўйлайманки, лагердан кейин ҳам бу ерда олган сабоқлари унутилмайди", – дейди, араб тили муаллими Абдулла Айтиев.
Исломий лагерлар Кирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси ташабусси билан очилган. Оромгоҳга 4 синфдан 11 синфгача бўлган болалар қабул қилинади. Лагерни харжлаш масаласи маҳаллий ҳомийлар ҳамда болалар ота-оналар тарафидан ечиляпти. Бир бола учун ота-она 500 сомдан 2000 сомгача пул ўтказмокда. Бу ерда болалар тўрт маҳал иссиқ овқат билан, шинам ётоқхоналари билан таъминланган.
Муаллиф: Нурилло Юлдашев
Муҳаррир: Ҳулкар Исамова
Сурат "Азаттык радиосу" сайтидан олинди