Олий суд Орхан Инандини топиб бераман деб 50 минг доллар, автомобил олган одамни оқлади

331
Туркиянинг махсус хизмати тарафидан ўғирланган Орхан Инанди

«Сапат» лицейлар тармоғининг директори Орхан Инандини топиб беришни ваъда бериб, унинг қариндошларидан 50 минг доллар ва автомобиль олганликда гумонланган шахс суд томонидан оқланди. Бу маълумотни «Клооп»га  суднинг матбуот хизмати тасдиқлади.

Охан Инанди 2021-йилнинг 31-майида бедарак йўқолган. Ўша йилнинг 2-июнида номаълум шахс ўзини МХДҚнинг ходими қатори таништириб, Инандини топиб беришни ваъда қилиб, унинг қариндошларидан 50 минг АҚШ доллари ва Subaru Impreza автомобилини олгани маълум бўлган.

Жиноятда гумонланувчи сифатида Ўш вилоятида туғилган 28 ёшли О.Б. қўлга олинган. Унга нисбатан «Фирибгарлик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, вақтинчалик ҳибсга олинган. Милициянинг маълумотига кўра, гумонланувчи ишсиз ва муқаддам судланган.

Тергов жараёнида мазкур иш «Ишониб берилган мол-мулкни ўзлаштириб олиш ёки сарфлаш» моддаси бўйича қайтадан квалификация қилинган.

Свердлов туман суди уни айбдор деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Шунингдек, унга 70 минг сом жарима солиниб, етказилган зарарни тўлаш мажбурияти юкланган.

Кейинчалик Бишкек шаҳар суди туман судининг ҳукмини ўзгартириб, ҳеч қандай жиноят йўқ деган асосда уни оқлаган.

Шу муносабат билан давлат айбловчиси Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган. Олий суд эса иккинчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирди.

 Инандининг ўғирланиши

Қирғизистондаги «Сапат» таълим муассасаларининг асосчиси Орхан Инанди 2021-йилнинг 31-майида ўғирланган. Қирғизистонда у бир ойдан ортиқ қидирилиб, бошқа давлатлардан ҳам Интерпол орқали изланган.

Бу орада «Сапат» битирувчилари ва тарафдорлари Туркия  элчилигининг олдида митингга чиқишиб, Инанди бу ерда ушлаб турилибди деб шубҳаланиб,  элчиликда тинтув ўтказишни талаб қилишган.

1 -июнда президент Садир Жапаров МХДҚ билан ИИВга Инандини топиш учун қўшимча кучларни сарфлашни топширган. Кейин  Жапаров Туркияга бориб, президент Ражаб  Эрдоғон билан учрашган. Туркия ҳукумати аввалдан Орхан Инандини уларга ўтказиб беришни ва Қирғизистондаги «Сапат» лицейларини ёпишни талаб қилиб келган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари Орхан Инанди қидирилмоқда деб маълумот берган вақтда  Эрдоғон масалага нуқта қўйиб,  Инанди Туркияда экенини билдирган. Аниқроғи, 5-июлда Туркия раҳбари Инандини Туркияга мамлакатнинг махсус хизмати олиб келганини айтган. Эрдоғон Инандини «ФЕТОнинг Марказий Осиё бўйича бошлиғи» деган.

8-июлда МХДҚнинг бошлиғи Қамчибек Ташиев ФЕТО ҳақида гапириб, Қирғизистонда «бошқа мамлакатларнинг сиёсий ташкилотлари бўлмаслиги лозимлигини» билдирган, аммо шу билан бирга Қирғизистонда ушбу ташкилот аъзолари биронта ҳам ноқонуний ишларга аралашгани кузатилмаганини таъкидлаган.

Кейинчалик Инандининг адвокати Таалайгул Токтакунова унинг тергов вақтида берган кўрсатмасидан бош тортганини билдирган. Унинг айтишича, кўрсатма қийноқ орқали олинган, аммо шунга қарамай у айбини тан олмаган.