Фаол Илгиз Шаменов 28 октябрь куни ҳукумат бунгача собиқ депутат Орозайим Нарматова иккаласига қурол қўллаб «Ҳукуматни куч билан эгаллаб олиш» моддаси бўйича иш қўзғатган ва халқаро қидирувга берилганини маълум қилган.
У МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев Нарматова иккаласини «ўта хавфли жиноятчилардек» Россия ҳукуматидан суриштирганини таъкидлади.
«Сиздан қочадиган ҳеч ким йўқ, кел деб расман чақирсанглар ҳам келардим... Руслар сиёсий ҳимоя қилишни таклиф қилишди, мен қарши бўлдим. Халқим, юртим учун, Кампиробод, Жетим-Тоо учун қамоқда виқор билан ўтириб чиқамиз, қамоқдан қочмайман», — деди у.
Фаол ҳозир Россия аэропортидан Бишкекка учаётганини таъкидлаб, Қирғизистон вақти билан соат 15:00 да мамлакатга келиб қўнишини қўшимча қилди.
27 октябрь куни собиқ депутат, «Бутун Қирғизистон» партияси аъзоси Орозайим Нарматова Москва шаҳрида қўлга олинганини хабар қилган эди.
Бунгача ИИВ «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган гумон билан 20 дан ортиқ фаол ва сиёсатчини ҳибсга олиб, уйларида тинтув ўтказган эди. Суд уларни икки ойга ҳибсга олди. Уларнинг барчаси Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб, ҳукуматни танқид қилишган.
Орозайим Нарматова ким?
Орозайим Нарматова мамлакатда содир бўлаётган воқеалар юзасидан ўз фикрини фаол билдириб, ҳукуматни танқид қилиб келади. Шунингдек у Кампирободнинг қўшни давлатга ўтишига қарши чиққанлардан бири.
Нарматова Садир Жапаров таъқибга учраганида унинг тарафдори бўлган. У Жапаровни чет элда, қамоқда бўлганида ҳам қўллаб-қувватлаган. Жапаров ҳокимиятга келганида эса фаол Жапаровдан кўнгли қолганини айтди.
У Жогорку Кенешнинг еттинчи чақириғига «Бутун Қирғизистон» партияси билан келган ва депутат этиб сайланган. Бироқ, МХДҚ Нарматова дипломини ноқонуний олганини айтиб, жиноий иш қўзғатган.
Кейинроқ МСК Нарматовани номзод сифатида рўйхатга олишни ва мандатини бекор қилди.
Нарматова 2021-йил 10-сентябрь куни эрталаб соат бешларда Ўш халқаро аэропортида ҳибсга олинган. Фаол Ўшга акасининг жасадини олиб келиб, дафн қилиб, Россияга қайтаётган эди.
Ўшанда ИИВдан фаол ҳукуматни танқид қилгани учун ҳибсга олинганини аниқ айтган. Унга «Халқаро, ирқий, этник, диний асосда адоват қўзғатиш» моддаси билан айбланган.
Илгиз Шаменов ким?
Илгиз Шаменов фаол ва хусусий тадбиркор сифатида танилган. У аввалроқ Бишкек шаҳар кенгашига «Социал-Демократлар» партиясидан депутати бўлган.
Сўнги вақтларда у ижтимоий тармоқларда «Бишкек» эркин иқтисодий ҳудудини ва муассаса раҳбари Кудрет Тайчабаровни танқид қилган. Шунингдек у Нориндаги Жетим-Тоо конини ўзлаштиришга бир неча бор эътироз билдирган.
Август ойи бошида Шаменов Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроқ берган. Шаменовнинг сўзларига кўра, махсус хизмат унинг коррупция ҳақидаги баёнотлари асосида «Бишкек» эркин иқтисодий ҳудуди билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигини текширмоқчи бўлган.
Кейинроқ «Азия Молл» савдо марказида портловчи модда борлиги, граната Илгиз Шаменов машинаси остидан топилган. Бу воқеадан сўнг фаол Россияга жўнаб кетган.