Чингиз Айдарбеков парламентнинг тармоқ қўмитаси раҳбари лавозимидан четлатилди

265

20 октябрь куни Жогорку Кенеш депутатлари «Альянс» фракцияси депутати Чингиз Айдарбековни парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раислигидан четлатишди.

Жами овоз беришда 65 нафар халқ вакили рўйхатга олинди, Айдарбековни лавозимдан четлаштиришга 43 нафар депутат рози бўлди, 16 нафар депутат қарши овоз берди.

Депутатларнинг Айдарбековнинг истеъфога чиқиши юзасидан баҳси

Депутатлар йиғилишда Айдарбековнинг истеъфога чиқиши масаласини узоқ вақт муҳокама қилишди. Узоқ муҳокамалардан сўнг халқ вакиллари очиқ овоз беришни ўтказишга қарор қилишди.

Муҳокама чоғида мухолифатчи депутат Адахан Мадумаров депутатлардан Айдарбековнинг истеъфога чиқишига асосли сабабни айтиб беришни сўради.

«Бу одамнинг ишидан шикоятингиз бўлса, юриш-туриши, кийиниши, гапиришига норозиликлар бўлса айтинг. Конституцияни бузса ҳам, айтинг. Нега хизматдан чақириб олишимиз керак? Сабаби нима? [..] Кейин “мен менга ёқмай қолдинг, ишдан кетишинг керак” деган эртага ўзингизни бошингизга тушади. Арзирли сабаби  борми? » – деб мурожаат қилди депутатларга.

Депутат Элмурза Сатибалдиев муаммо Айдарбековнинг ҳаракатларида ҳам, Кампирободда ҳам эмаслигини айтди.

«Ҳозирги кўтарилган масала чегарада ҳақида ҳам эмас, Кампиробод тўғрисида ҳам эмас. Муаммо  мажлисни очиб, сўнг охирида масъулиятдан қочиб, йиғилиш қарорига имзо чекмагани учун, шуни тушуниб олинглар ўртоқ депутатлар, яқинлар. Чегаранинг бунга алоқаси йўқ. Ҳар бир қўмита раиси йиғилиш қарорларини имзоламаса, бу масъулиятдан қочишдир. Мен шахсан Чингиз Айдарбекович билан шахсан гаплашганимда буни ўзига  ҳам айтганман, бу нотўғри деб», — деди Сатибалдиев.

Мадумаров регламентда қўмита раиси қандай ҳолларда лавозимидан озод этилиши мумкинлиги ёзилганини айтди.

«“Овозга қўямиз” дегани нотўғри. У резолюция билан чақирилади. Қарор лойиҳаси тайёрланади.  [...] Имзо қўймаслик ҳуқуқига эга. Сабаби,  қўмита йиғилиши бўлса, у қонуний равишда ўтиши керак. Агар қонун бўлса, уч кун олдин материаллар тарқатилиши керак. Қўмита аъзолари у билан танишиб, ўқиб, кўришлари керак», — деди Мадумаров.

Ўз навбатида, депутат Жанар Акаев, агар Айдарбеков лавозимидан четлаштирилса, «Альянс» фракцияси бундан кейин мазкур қўмитага номзодлар кўрсатмаслигини айтди. Парламентарий  Балбак Тулобаев йиғилишда регламентга кўра, раис қоғозларни имзолашга мажбур эканини айтди. «Бу Кампиробод эмас, бу қўмита ичида бузишлар бўлгани учун сизнинг [истеъфога] овоз беряпмиз. Қўмита қарорини қабул қилгандан сўнг, сиз имзолашга мажбурсиз. Сиз тўғри ёки қарши овоз беришингиз мумкин, рози бўлишингиз мумкин, лекин қўмита қарорини бошқа депутатларни ҳурмат қилинг. Ўз шикоятингиз билан кетсангиз бўларди шунча депутатларни аросатга қўймай», — деб ғазабланди Тулобаев. Депутат Кундузбек Сулайманов « [ҳужжатларни] хоҳлаган вақтда имзолаш, хоҳламаганингизда имзоламаслик —  саботаж эмас, бу жиноят» деди.

«Бу қўмита. У ерда аъзоларнинг овози ҳурмат қилиниши керак. Қарши [овоз бериш] орқали ўз позициянгизни кўрсатдингиз. [...] Имзолашга мажбур. Бу унинг функционал вазифаси. Дипломат эканлигини биламиз, ҳурмат қиламиз, лекин у ҳам адвокат бўлиши керак», — деди Сулайманов.

Аввалроқ Айдарбеков тармоқ қўмитаси раҳбари лавозимидан кетишга тайёрлигини айтганди.

«Ҳамкасбларим ўзлари ҳал қилсин. Мен истеъфога чиқишга тайёрман. Адолат учун бу босқичдан ҳам ўтишимиз керак. Яна бир бор айтаман, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган. Мен уларни ўтган куни кўрдим ва бу ҳужжатлар ҳақида саволларим бор. Бу бизга ҳужжатлар бермаганининг сабаби бўлган деб  ўйлайман. Айниқса, сув омборига келсак... Барча тарихий ҳужжатларга кўра, бу ер бизнинг ер бўлган», — деди Айдарбеков.

Бу орада Ҳукумат уйи олдида Кампиробод бўйича фаоллар ва ҳукумат учрашуви бўлиб ўтмоқда. Уни президент маъмурияти ташкил этган.

Учрашув ёпиқ ўтмоқда, иштирокчилар рўйхат асосида киритилмоқда. Журналистларга аудио ва видео ёзиб олиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Қўмитанинг қарори

10 октябрь куни Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, ҳимоя, хавфсизлик ва миграция қўмитаси ёпиқ йиғилишда «Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкалари бўйича келишув лойиҳаси»ни маъқуллади. Икки давлат ўртасидаги келишувнинг асосий бандларидан бири Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш ҳисобланади. Қўмита раҳбари шартномани тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолашдан бош тортган.

«Халқ вакилларининг фикри иккига бўлинди - олти нафари ёқлаб, тўрт нафари қарши овоз берди. Мен бу масала бўйича ўз фикримни билдирдим. Қоғозни ўз кўзим билан кўрмагунимча рози бўлолмаслигимни айтдим. Шунинг учун мен қарши овоз бердим», — деган Айдарбеков.

Айдарбековнинг парламент қўмитасидаги ўринбосарлари, депутатлар Чолпон Султанбекова ва Лейла Лурова ҳам қўмита қарорини имзолашдан бош тортган.

Айдарбековнинг қўмита қарорини имзолашдан бош тортганига вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов изоҳ бериб, депутатни танқид қилган.

«Чингиз Айдарбеков ўзи хоҳлаганча “қарши” овоз бериши мумкин, лекин у қўмитанинг қарорига имзо чекиши шарт. Бунинг учун кўпчилик аъзолари овоз берган. Унинг ақлсиз популизми билан масъулиятсиз позицияси, ҳеч бўлмаганда, малака етишмаслигидан далолат беради. Бироқ, яширин сабаблари ҳам бўлиши мумкин... », — деб ёзган вазирлар маҳкамасининг раиси ўринбосари Эдил Байсалов Твиттер саҳифасида.

Кампиробод бўйича баҳслар

Ҳукуматга кўра, Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилиш бўйича ишлар якунланиб қолди. Масалан, 1378 километрлик чегаранинг 1170 таси ёки 85%и аниқланган.

Икки давлат ҳукумат делегациялари 2022-йил 26-сентябрда давлатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи баённомани имзоладилар. Бироқ, чегарани аниқлашда Кампиробод сув омбори муаммо туғдирмоқда.

Шу билан бирга, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари, МХДҚ  раиси Камчибек Ташиев Кампиробод сув омбори олдидаги ерлар Ўзбекистонга ўтказилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, у сув омборидан ҳар икки давлат  тенг 50/50 фойдаланишига ишонтирди.

МХДҚ  раисининг сўзларига кўра, унинг ўрнига чегарадош туманлардаги  бир нечта баҳсли ҳудудлардаги 19 минг 699 гектар ер Қирғизистонга ўтказилади

Бироқ маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилиши мумкинлигига  қарши чиқмоқда. Масалан, сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида фуқаролар 15 октябрь куни халқ қурултойи ўтказиб, унда 600 дан ортиқ киши иштирок этган.

Улар сув омбори авваллари баҳсли ҳудуд бўлмагани, нима учун Ўзбекистонга ўтказилаётганини тушунмаганликларини айтишди. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдасини бажармайди, сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудудлардан фойдалана олмаслигидан хавотирда.