Вазирлар маҳкамаси «Қирғизпочтаси», «Қирғизтелеком» ва MegaCom очиқ ҳиссадорлик жамиятларини бир холдингга бирлаштиради. Бу ҳақда Жогорку Кенешнинг 19-октябрдаги йиғилишида ҳукумат бошлиғи Акилбек Жапаров билдирди.
Йиғилишда депутат Дастан Бекешев унга почта ходимлари ёрдам сўраб мурожаат қилганини билдирди.
«Почта хизмати ўзини-ўзи молиялаштиргани учун, уларнинг ойлик маоши 4-5 минг сом экан. Бу масалани қандай ҳал қилса бўлади?» — деб сўради Бекешев Жапаровдан.
Ҳукумат бошлиғи ушбу уч компания бир холдингга бирлаштириб, биринчи вазифа уларнинг ойлик маошини кўтариш бўлишини айтиб жавоб берди.
«Биз ислоҳотларни бошлаш стадиясидамиз. Келаси йилда уларнинг маоши кўтарилади деган умиддаман. Шу йилда кўтарилади», — деди Жапаров.
Лекин вазирлар маҳкамасининг раиси холдингнинг фаолияти қандай бўлиши ҳақида тўлиқ маълумот бермаган.