ИИВ: Миллатлараро адоватни қўзғатган 20 га яқин фойдаланувчига нисбатан тергов бошланди

256

Ички ишлар вазирлиги «миллатлараро  адоват қўзғатган» 20 га яқин ижтимоий тармоқ фойдаланувчисига нисбатан тергов ишларини бошлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, шу кунларда 20 га яқин ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «тажовузкор миллатлараро ихтилофга олиб келадиган хабарларни чоп этишган».

ИИВ фойдаланувчиларнинг шахси аниқланиб, улар тергов хизматларига олиб келингани ҳақида хабар берди. Уларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, тергов давом этаётгани айтилди.

Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда ирқий, этник, миллий, диний ёки минтақалараро адоватни қўзғатувчи провокацион материалларни тарқатмасликка чақириб, бунинг учун жиноий жавобгарлик назарда тутилгани ҳақида огоҳлантирди.

Қирғиз-тожик чагарасидаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув 14-сентябрда бошланиб, 16-сентябрда кучайди. Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам воқеани агрессия деб атаб,  можарони авж олдиришда Қирғизистонни  айбламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 22-сентябрга нисбатан можародан жароҳатланган сони 198 кишига етди. Шунингдек, қуролли тўқнашувдан 59 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга келтирилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 млрд сомни ташкил қилди.