Садир Жапаров БМТда Тожикистоннинг тажовузига қарамай, Қирғизистон музокараларга тайёрлигини билдирди.

256
Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида нутқ сўзлаётган вақти. Сурат: Президент маъмурияти.

Президент Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида нутқ сўзлади. Жапаров ўз нутқининг асосий қисмини 14-17 сентябрь кунлари Тожикистон билан қуролли можарога бағишлади.

Садир Жапаров мустақилликка эришганидан бери Қирғизистон «халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш«га интилаётганини таъкидлади.

У СССР парчаланганидан кейин баҳсли ҳудудлар ва чегара муаммолари юзага келганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Хитой ва Қозоғистон билан чегараларини аниқлаган, Ўзбекистон билан эса аниқлаштиришни тугатиб, чегара бўйича шартнома имзолашга киришган.

«Тожикистон билан муносабатларимиз ҳақида қуйидагиларни маълум қилмоқчиман. Бизнинг яқин қўшни халқларимиз азалдан жуда яқин яшаб келади. Бизни қадриятларимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз, динимиз муштараклиги бирлаштиради. Халқларимиз қариндош-уруғлик ришталари билан боғланган», — деди Жапаров.

Жапаровнинг сўзларига кўра, СССР қонуний равишда 1991-йил 21-декабрда Олмаота шаҳрида тарқатиб юборилган, унда  МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги декларация қабул қилинган.

У ушбу декларация МДҲнинг барча 11 давлати, жумладан, Тожикистон томонидан имзоланганини эслатиб ўтди. Декларацияда мустақил давлатлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва ҳозирги чегаралари дахлсизлигини тан олган.

«Шундан сўнг 1994-йил 15-апрелда “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иштирок этувчи давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини сақлаш тўғрисида”ги Москва декларациясида бу тамойилни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ўзи ҳам тасдиқлаган. Имзо чекди ва рози бўлди. Лекин ҳозир принципдан четга чиқаётгани ачинарли», - деди у.

Жапаров Қирғизистон Тожикистон билан музокараларни доимо «конструктив руҳда» олиб борганини ва халқаро меъёрлар асосида ҳаракат қилганини таъкидлади.

«Шуни таъкидлашни истардимки, 2021-йил апрель ойида Тожикистон қуролли кучлари ҳудудимизга асоссиз кенг кўламли тажовузни амалга оширди, бунинг натижасида 36 нафар фуқаромиз ҳалок бўлиб, жиддий моддий зарар етказилди. Қирғиз халқининг танқидига учраган бўлсам-да, ўртада учрашишни талаб қилишган 2021-йил июнь ойида Душанба шаҳрига учиб бордим,  чегара бўйича ўзаро манфаатли ечим топишга уриниб, Президент Рахмон билан учрашдим. Халқим манфаати учун музокараларга ўша кундаги каби нафақат ўн соат сарфлашга, балки бу масалани бир марта ва бутунлай ҳал қилиш учун имкон қадар кўпроқ вақт сарфлашга тайёрман», — деди у.

Садир Жапаровнинг 14, 15 ва 16 сентябрь кунлари Қирғизистон жанубида кенг кўламли қуролли тўқнашув бўлганини айтди. У тожик томони «илгари эришилган келишувларни бузган ва қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегаравий ва фуқаролик объектларига ҳужум қилган»ини таъкидлади.

Жапаров юқоридаги ҳаракатлар натижасида 140 мингга яқин қирғизистонлик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганини қўшимча қилди.

«Катта моддий зарар етказилди. [Аммо моддий зарар қопланиши мумкин]. Бироқ, сиз ватан учун жонини фидо қилган мард аскарларимизга, ҳужумга учраган фуқароларимиз ўрнини тўлдира  олмас экансиз. [...] Биз тожик томонининг ўтган йиллар ва кечаги ҳуқуқларга арши биринчи бўлиб ҳужум қилган ҳаракатларини ҳужжатлаштирган далиллар бор. Биз ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилганимиз йўқ ва ҳеч қачон ҳужум қилмаймиз. Ҳар доим қурол ишлатишдан узоқ туришга ҳаракат қиламиз ва ҳеч қачон қуролсиз тинч аҳолини ўққа тутмаймиз! Биз ҳамиша тожик томонининг агрессиясига адекват жавоб бериш билан чекланамиз», — деди президент.

Президент Тожикистон халқаро келишувларга қарамай, «бундай ҳаракатларга» бораётганидан Қирғизистон ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлади.

«Биз тожик қўшнимиз билан ҳар қандай форматда, халқаро қоидалар асосида, цивилизациялашган ҳуқуқий йўллар билан музокаралар жараёнини давом эттиришга тайёрмиз. Қўшнимизнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли ишончимиз заифлашганини ҳисобга олиб, биз музокараларни давом эттиришга халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, ЙХҲТ ва КХШТ каби ташкилотларнинг воситачилигига тайёрмиз», — деди Жапаров.

Сўзини якунлар экан Жапаров «Қирғизистон бошқа бировнинг ерига ҳасад қилмайди, лекин ўз ерининг бир сантиметрини ҳам бермаслигини» огоҳлантирди.

Қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув 14-сентябрда бошланиб, 16-сентябрда кучайди. 18-сентябрь куни кечқурун Қирғизистон Чегара хизмати чегарадаги вазият барқарорлашиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. 20 сентябрь куни эрталаб Чегара хизмати Тожикистон билан чегарада вазият нисбатан барқарор эканини маълум қилди.

Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам воқеани агрессия деб атаб, можарони авж олишда Қирғизистонни айбламоқда.

Боткендаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда камида 59 киши ҳалок бўлди, 198 киши яраланди.

Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 972 км бўлиб, шундан атиги 600 км келишилган.