Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров 14- сентябрь куни унинг ўғли Руслан сўроққа чақирилганида расмийларга мурожаат қилди. У халқ бир ярим йилда ҳукуматнинг «шоу, фирибгарлик сиёсатидан тўйиб битди» деди.
«Берган ваъдаларингизни бажармадингиз. Буни қандай бажарамиз деб йўлини топа олмай, бугун жонланмай турган вақтинглар. Эсингиз борида этагингизни ёпинг. Кетишдан олдин Сооронбай Жеенбековга ўхшаб хушмуомала бўлиб, халқдан кечирим сўраб қолинглар, бошқа иложинглар йўқ. Фирибгарлик, шоу сиёсатингиз ўтмайди. Одамлар ишонмай қолди», — деди у.
Бекназаров расмийлар унинг оиласи ортидан тушганини таъкидлаб, буни «пастлик» деб баҳолади.
«Сиз бугун ўз ҳукмронлигингизнинг чўққисидасиз. Энди, қандай қилиб пастга тушасиз, [бу] муаммо бўлиб қолмоқда. Лекин пастга тушаётиб, бундай ишни қилиш инсонийликка тўғри келмайди. [...] Бугун сиз менга эмас, менинг оиламга тушдингиз. Бу сизнинг пастлик қилганингиз. Шу тарзда сиз кимлигингизни кўрсатмоқдасиз. Яна айтаман, мени бу билан тиз чўктира олмайсиз», — деди у.
Сиёсатчи ҳокимият юқорисидагилар «уларни ташқаридан қўллаб-қувватлаётган Бакиевчиларни ҳам алдаяпти» деган фикрни билдирди.
Шунингдек, Бекназаров «Кумтор Голд Компани»нинг собиқ ташқи бошқарувчиси ва «Буюк кўчманчилар мероси» миллий холдинги раҳбари Тенгиз Болтурукнинг ҳибсга олинишини «ҳукуматнинг навбатдаги намойиши» деб ҳисоблайди.
«Қумтўрдаги кирингларни Болтурукка юкламоқдасизлар. Болтурук сизларнинг сиёсатингларни қурбони. Кўп бўлса, акангнинг тилла қучоқлаб турганини Болтурукка “ўзинга ол, “мен таклиф қилдим” деб айт. Болтурук “буни тан ол, кейин биз сени Алимқадир Бейшеналивдек озод қиламиз”, деб. Болтурукни ҳибсга олиш - бу сизнинг навбатдаги шоуингиз», — деди у.
Сиёсатчи ҳукумат вакиллари чегара масаласини ҳал қила олмаганидан, бир ярим йил ичида бирорта ҳам коррупциячини қўлга кирита олмаганидан шикоят қилди.
«Сизлар ташқарига олиб кетган олтинларингиз ҳақида ҳисобот бера олмайсиз. Чегара масаласини ҳам ҳал қила олмайсиз. Коррупцияга қарши курашолмайсиз. Бир ярим йил ичида бирорта коррупцияни қўлга олмадинглар, Акаевни бош қилиб. Ҳаммасига раҳмат айтиб чиқариб юбординглар. Халқ сизларга қандай ишонишсин?» —деб савол берди у.
Бекназаров ўғлининг қўлга олиниши
14 сентябрь куни Бекназаровнинг ўғли — Руслан Бекназаров ҳибсга олиниб, Бишкек шаҳар милициясининг вақтинчалик ҳибсхонасига 48 соатга олиб кетилди. У экстремистик материалларни тарқатишда гумон қилинмоқда.
Милиция томонидан фейсбукка мониторинг олиб бориш давомида Қирғизистонда тақиқланган «Ҳизбут-Таҳрир-ал-Исломий» террорчилик ташкилоти мафкурасини тарғиб қилувчи материаллар тарқатилган аккаунт аниқлангани маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан “Экстремистик материаллар тайёрлаш ва тарқатиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бу иш бўйича биринчи бўлиб Руслан Бекназаров сўроқ қилинган.
Руслан Бекназаров - Бишкекнинг Свердлов тумани ҳокими ўринбосари. У бу лавозимга 2022 йилнинг июн ойида тайинланган эди.
Азимбек Бекназаровнинг лавозимидан озод этилиши
Азимбек Бекназаров 2000-2005 йилларда Жогорку Кенеш депутати, 2005 йилда эса Бош прокурор бўлган. 2010-йилда Муваққат ҳукуматда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. 2005-йилдаги “Камалак” ва 2010-йилги “Апрел” инқилобларида ҳам сиёсий етакчи ва фаол аъзо сифатида иштирок этган.
2020 йилда Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси этиб тайинланган.
Беканазаров элчихонадан четлаштирилгани шу йилнинг 5 августида маълум бўлди. Президент фармонида сиёсатчи «ташқи сиёсий вазифаларни, жумладан, Қирғизистон ва Малайзия ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга оид вазифаларни бажара олмагани» маълум қилинган.
Бекназаровнинг ўзи «Қумтўр» масаласини танқид қилгани учун ишдан бўшатилганини айтди.