Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида тинчлик ҳукм сураётганига қарамай, таранглик ҳамон давом этмоқда.
Махсус хизмат раҳбари 14 сентябрь куни Қирғизистон чегарасига беш жойдан ҳужум қилинганини айтди. Улардан тўрттаси ҳарбий объектлар бўлса, бири Самаркандек қишлоғи.
«Самаркандекда аҳолининг 10 та объекти шикастланган. Можаронинг асосий хусусияти бизнинг фуқароларимизга тегишли объектларга ҳужум қилгани бўлмоқда. Бу жуда хавфли ва қоидага тўғри келмайди. Биз буни нотўғри тушундик. Агар бу ҳолат яна такрорланса, тегишли чораларни кўрамиз», —деди у.
Ташиевнинг айтишича, Қирғизистон чегарасига Тожикистон аскарлари эмас, балки аҳоли ҳужум қилгани сезилган. У бу биринчи марта содир бўлаётганини таъкидлаб, буни жуда хавфли деб баҳолади.
«Олдиндан провокация тайёрлангани ҳақида хабарлар бор. Олдиндан позицияларни эгаллашган. Биз ҳеч қачон қўшниларимизга нисбатан ёмон ниятда бўлиб ёки ҳар қандай провокацияга тайёрланмаганмиз. Улар бунга тайёргарлик кўрмоқда», —деди у.
МХДҚ раиси Қирғизистон Чегара хизмати ва қўшинлари ҳар қандай вазиятга тайёр эканини айтиб, чегарани ҳимоя қилиш учун «бизнинг куч ва имкониятларимиз етарли» эканини таъкидлади.
«Бизда буйруқ бор. Бизнинг қуролли кучларимиз фуқаролик объектларига ёки тинч аҳолига ҳеч қачон ҳужум қилмайди», — дея қўшимча қилди у.
Чегарадаги отишма
14 сентябрь куни қирғиз-тожик чегарасида учта отишма содир бўлди. МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев отишма натижасида уч нафар тинч аҳоли вакили ва икки нафар ҳарбий жароҳатланганини билдирди.
Биринчи тўқнашув эрталаб Боткен туманининг Булоқбоши ҳудудида содир бўлган. Қирғизистон Чегара хизмати Булоқбошидаги отишмани тожикистонликлар бошлаганини маълум қилди. Бунга Тожикистон чегарачилари отишмани қирғиз чегарачилари бошлади деб жавоб қайтаришди.
Соат 14:00 атрофида Боткен туманидаги Как-Сай ҳудудида отишма бошланди. Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистон чегарачилари Қирғизистоннинг «Достук» чегара постида ўқ отганини маълум қилди. Қайд этилганидек, қирғиз чегарачилари ҳам жавобан ўқ узган. Отишма соат 14:40 да тўхтаган.
Учинчи отишма соат 15:08 атрофида Боткен туманининг Паски-Ариқ ҳудудида содир бўлган. Қирғизистон Чегара хизмати тожик чегарачилари «Самаркандек» чегара заставасига ўқ отгани ҳақида хабар берди. Бунга жавобан Қирғизистон томони ҳам ўқ отгани хабар қилинмоқда. Отишма соат 16:12 атрофида тўхтади.
Тожикистон томони ҳозирча Как-Сай ва Паски-Ариқдаги отишма ҳақида маълумот бермаган.