Бунгача президентга шикоят қилган милиция ходими Чубак Сиргакбек ўғли хизмат вазифасига қайтарилди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш вилоят ИИБдан билдиришди.
Милициянинг маълумотига кўра, Сиргакбек ўғли 6-сентябрдан бошлаб ишга киришди. Уни хизмат ўрнини қайта тиклаш бўйича қарорни Ўш вилоят суди чиқарган.
Чубак Сиргакбек ўғли 30-август куни янги раҳбар Женишбек Абитов уни хизматдан ноқонуний олганини айтиб президентга мурожаат қилган.
«Абитов раҳбариятга келганидан кейин ўз манфаати учун буйруқ бера бошлади. Мен ушбу буйруқларга бўйсунмай, қонун доирасида ишлаганим учун ёқтиришмайди [...] Абитов мени шахсан қабул қилиб, “ишдан кетказаман, сени йўқ қиламан, агар ўз ўрнингда ишлашни хоҳласанг, нима қилиш лозимлигини биласан-да” деб, пулга ишора қилган бўлди», – деб билдирган у.
Кейин у Ўш вилоят ИИБнинг унга нисбатан қароридан шикоят қилиб, шаҳар судига мурожаат қилган. Суд хизматдан кетиш ҳақида буйруқни ноқонуний деб топиб, аввалги эгаллаган лавозимига қайтарилсин деган қарор қабул қилган. Лекин, унинг таъкидлашича, суд қарори ижро этилмаган.
Ўз навбатида Ўш вилоят ИИБнинг матбуот хизмати лейтенант Сиргакбек ўғли 2021-йили июнь ойида хизматидан бўшатилганини, бунга рафиқаси ва вояга етмаган ўғлини ургани асос бўлганини билдиришган. Милициядан ушбу ҳолат юзасидан Қорасув туман ИИБда «Соғлиғига енгил зарар келтириш» моддаси билан судгача тергов бошланганини қўшимча қилишган. Суд-тиббий экспертиза хулосаси жабрланувчи ва унинг ўғлини соғлиғига қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил жароҳат олганини кўрсатган.
Аммо собиқ милиция ходимининг рафиқаси журналистларга бу маълумотни инкор этиб, ушбу ҳолат юзасидан тергов аллақачон тўхтатилганини билдирган.
Шу билан бирга, аёл Ўш вилоят ИИБи мазкур ишга боғлиқ бўлган суратларни унинг рухсатисиз олганини таъкидлаган. Суратда келиннинг танасида кўкарган доғларни кўриш мумкин. Аёл йиқилганда кўкариб кетганини айтган.
Сиргакбек ўғли мазкур иш бўйича унинг айби исботланмаганини таъкидлади. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ёлғон маълумот тарқатиб, тўрт нафар фарзанди билан рафиқасини «ажраштиришга ҳаракат қилиб» унинг шахсий ҳаётига аралашганини айтган.