Ижтимоий тармоқларда ИИВ тарафидан Рой Азим лақаби билан танилган тадбиркор Орозахун Сайдазимовга топширилган «Милицияга 95 йил» юбилей медалининг сурати тарқади.
Қирғиз милицияси 95 йиллик тадбирини 2019-йили нишонлаган. Гувоҳномада эса медаль Рой Азимга 2021-йилнинг март ойида топширилгани ёзилган.
Аммо ўша вақтда тадбиркорнинг ҳақиқий исми ва ички ишлар вазирининг исм-фамилияси кўрсатилмаган эди. «Кактус Медиа» нашрининг маълумотига кўра, гувоҳномадаги имзо ўша вақтда вазирнинг вазифасини бажарган Улан Ниязбековга тегишли.
Бу бўйича Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати «Клооп»га кейинчалик маълумот беришни ваъда қилди.
10-сентябрда «Кактус Медиа» нашри президент Садир Жапаровнинг бизнесмен Орозахун Сайдазимов (Рой Азим) билан тушган суратини эълон қилган.
Суратдан президентнинг депутат қудаси Ақилбек Тумонбаевни ҳам кўриш мумкин. «МедиаХаб»нинг журналистлари эса Жапаров бизнесмен Рой Азим билан тушган сурат президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги резденциясида олинганини аниқлашди.
«Кактус Медиа» маълумот манбаларига таяниб, президентнинг кортежи учун 2021-йили чиқарилган Chevrolet Suburban автомобилларини Рой Азим совға қилиши мумкин деб ёзиб чиққан.
Аммо президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Кактус Медиа»нинг бу маълумотини рад қилган.
Султанбаев аввалроқ давлат раҳбарининг Хавфсизлик хизматига йўлтанламасларни чет эллик ҳамкорлари берганини айтган, аммо улар кимлар эканини ошкор қилмаган.
Азим Рой ҳақида нималар маълум?
Орозахун Сайдазимов (Азим Рой) асли қирғизистонлик. Чуй вилоятининг Чолдвор қишлоғида туғилиб ўсган.
Қирғизистон матбуотида Азимни хайрия ишлари билан шуғулланувчи меценат деб аташади. Turmush нашрининг ёзишича, у Беловодское қишлоғидаги ногирон болалар мактаб-интернатини ўз қарамоғига олган ва ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги кам таъминланган оилаларга доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб келади.
Чалдовар қишлоғида кўчалардан бири ҳатто меценатнинг шарафига ўзгартирилган - у бу кўчани таъмирлаш учун пул ажратган.
Суриштирувчи журналистлар 2022-йилнинг бошида Азим Ройнинг Швейцариянинг энг йирик Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамини топдилар. У 1997 йилдан 2013 йилгача очилган, ҳисобдаги максимал миқдор 11,6 миллион долларни ташкил қилган.
OCCRP суриштирувчиларининг ёзишича, Азим Рой «Россия ва Марказий Осиё жиноят оламига алоқалари бўлган тадбиркор» ва Қирғизистондаги энг машҳур криминал авторитетларидан бири Қамчи Кўлбоев билан таниш. Уларнинг сўзларига кўра, Азим Рой Кўлбоевнинг қариндошларидан бири билан иш олиб боради.
Азимнинг ўтмиши
Журналистларга кўра, 1981 йилда Азим бир қатор жиноятлар, жумладан, ноқонуний ўқотар қурол сақлаш, «спекуляция», босқинчилик ва наркотик моддалар сақлаш каби жиноятлар учун етти йилга озодликдан маҳрум этилган. 1990 йилларнинг ўрталарида унинг судланганлиги олиб ташланган, кейин эса 1998 йилда у бекор қилинган.
Аммо бундан олдин, 1997 йилда у виза учун аризаларни тўлдириб, АҚШга доимий яшаш учун жўнаб кетган. У ерда Азим молия ва менежмент бўйича консалтинг фирмасини ташкил этиб, Флоридада 1,27 миллион доллардан кўпроққа уй сотиб олган.
2001 йилда Азим виза аризаларини тўлдиришда жиноий иш йўқлиги ҳақида ёлғон гапиргани учун ҳибсга олинган. Аммо у 75 минг доллар миқдорида «гаров» қўйган - кейинроқ эса айбловлар олиб ташланган.