Бишкекнинг Биринчи май район суди қидирувда бўлган собиқ премьер-министр Данияр Усеновни мол мулкини мусодара қилиш билан бирга 15 йиллик қамоқ жазосига сиртдан ҳукм қилди.
Бишкекнинг Биринчи май район суди Усеновни 2008 йил пойтахт мэри лавозимида жиноятлар содир этганликда айбдор деб топди.
Маҳкама уни жиноят кодексининг икки моддаси: «хизмат мавқеъини суистеъмол қилиш» ҳамда «ер қонунчилигини бузиш» бўйича айбдор деб топди.
Тергов талқинига кўра, Бишкек мэри лавозимини эгаллаб турган Усенов ер участкаларини ноқонуний тарзда сотган.
«Айбланувчи Усенов хизмат ваколатини суистеъмол қилиб ер кодекси қонунларини қўпол тарзда бузган[...] Маҳкама уни хизмат ваколатлари доирасидан чиқиб, жиноятган қўл урганини исботланган деб ҳисоблайди», — деб ёзилади Олий суд тарқатган матбуот релизида.
Давлат айбловига кўра, Усенов «Ата-Тюрк» истироҳат боғи худудидаги 11 гектар ерни ноқонуний равишда сотган ва бу билан давлатга 160 млн сом зарар келтирган.
Суд ҳукми Бишкек шаҳар судида қарор чиққанидан бошлаб 10 кун ичида шикоят қилиниши мумкин.
Усенов шунингдек 80 киши ҳалок бўлган 2010 йилги инқилоб бўйича ўтаётган маҳкамада ҳам айбланувчи қатори иштирок этмоқда.
Ўша пайтда у премьер-министр лавозимида ишларди, бироқ инқилоб чоғида истеъфога чиққан ва Қирғизистондан қочиб кетган эди.
Ўшандан буён у қидирувда ва унинг қаердалиги ҳозиргача номаълум.
Этил спирти сотувидан бойиган Усенов 1994 йили Қирғизистон сиёсат саҳнасида ҳам фаоллашди. Ўша йили у парламентга депутат этиб сайланганди.
90 ва 2000 йиллар орасида у собиқ президент Акаевга қарши чиқа бошлаган ва оқибатда Қозоғистонга қочиб кетишга мажбур бўлган эди.
Усенов 2005 йилги инқилобдан сўнг Қирғизистонга қайтди ва Қурманбек Бакиевга яқин кишилар сарасидан жой олди.
Бакиев даврида у қатор юқори лавозимларга тайинланди. Улар орасида Бишкек мэри, Тараққиёт фонди бошчиси, ва ниҳоят вице премьер бошчиси сифатида ҳам фаолият олиб борди.
Kloop.kg мухбирлари Усеновга қўйилаётган айбловларга муносабатини билиш учун унинг вакиллари билан боғлана олмади.