Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан криминал авторитет Қамчи Кўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи (УЖТ) аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда МХДҚнинг матбуот хизмати хабар берди.
Махсус хизматнинг маълумотига кўра, қўлга олинган олти нафар шахс тадбиркорлардан мунтазам равишда йирик миқдорда пул ундиришда гумон қилинмоқда.
Қўмитадан мазкур факт «Уюшган гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш» моддаси бўйича қайд этилганини таъкидлашди. Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари МХДҚнинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.
МХДҚ қўлга олинган гумонланувлардан жабр кўрган шахсларни махсус хизматнинг қуйидаги ишонч рақамлари мурожаат қилишга чақиради: 0312640475.
Кўлбаев дегани ким?
Кўлбаев «қонундаги тождор ўғри» қатори танилган. МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев Қамчи Кўлбаевни Қирғизистондаги «криминал олам бошчиси» деб ҳисоблайди.
2012-йилда президент Барак Обама Кўлбаевни йирик наркобаронлардан бири сифатида қора рўйхатга киритган. 2017 йилда АҚШ Молия вазирлиги ҳам уни қора рўйхатга киритиб, Кўлбаевни «Братский круг» («Биродарлар доираси») халқаро жиноий гуруҳининг бир қисми эканлигини маълум қилган. У «Коля-қирғиз» номи билан ҳам танилган.
Кўлбаев уюшган жиноий гуруҳ раҳбари сифатида Ички ишлар вазирлигида рўйхатга олинган – бошқарма маълумотларига кўра, 2020 йилда унинг таркибига 424 киши кирган.
Қамчи Кўлбаев 2020-йилнинг октябрида қўлга олинган. МХДҚдан Кўлбаев «уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига йўл бермаслик ва аниқлаш бўйича олиб борилаётган ишлар давомида» қўлга олинганини билдирган. У «Жиноий ташкилот тузиш ёки унда қатнашиш» бўйича айбланган. Ноябрда у 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига жойлаштирилгани маълум бўлган.
Аммо 2021-йилнинг 2-мартида Бишкек шаҳар суди криминал авторитет Қамчи Кўлбаевнинг эҳтиёт чорасини ҳеч қаерга кетмаслик ҳақидаги тилхатига ўзгартирган. Шундан бери Кўлбаев қаерда экани номаълум.