Видео: Қирғизистонлик Бегимай Турусбекова «Привет, Андрей!» шоусида куйлади

Бишкекнинг «Ынтымак» паркида караокеда куйлаб, танилган Бегимай Турусбекова Россиянинг «Привет Андрей!» шоусида қўшиқ куйлади. Қирғизистонлик иштирок этган дастур «Россия-1» телеканалида эълон қилинди.

«Привет, Андрей!» — Андрей Малаховнинг 2017-йилнинг 16-декабридан бери «Россия-1» телеканалида кўрсатиб келинаётган кечки кўнгилочар ток-шоу.

Турусбекова Уитни Хьюстоннинг «I Have Nothing» ва Селин Дионнинг «My Heart Will Go On» қўшиқларини ижро қилди.

Бунга қадар телешоунинг ижодий гуруҳи Жалолобод вилоятининг Казарман қишлоғига келиб, Бегимайнинг ҳаёти ҳақида сюжет тасвирган олиб кетган. Шундан кейин ватандошимиз Москвага телешоуга таклиф олган.

Бегимай Турусбекова бу йил 19-июнда пойтахтнинг «Ынтымак» паркида куйлаб, вокал маҳоратини кўрсатгандан кейин танилган. Ўшанда у Селин Дион, Уитни Хьюстон ва Виктор Цойнинг қўшиқларини ижро қилиб, томошабинларнинг олқишини олган эди.

Шундан кейин Турусбекова Super.kg’га интервью бериб, Муратали Куронкеев номидаги мусиқа ўқув юртида таълим олиб, ўша вақтларда ресторанларда куйлаб юрганини айтиб берган. Аммо турмушга чиқиб, уйда ўтириб қолгани сабаб қўшиқчиликни ташлашга тўғри келган.

Шунга қарамай қачондир бир вақтда сахнага қайтишга тайёр эканини қўшимча қилган.