Россияга қарши санкциялар. Ксения Собчак чет ўлкада қирғиз банк картасини қўлланди

Россиялик журналист, блогер Ксения Собчак Парижда Қирғизистон банк картасининг ёрдами билан тўлов қилди. Бу ҳақда ўзи Инстаграм саҳифасига ёзди.

У Galeries Lafayette дўконида Россия паспорти сабаб унга чемодан сотишдан бош тортишганини айтди. У дўконнинг бошқа бўлимига кириб, ҳаёлига келган исмни айтиб, хариди учун Қирғизистоннинг банк картаси билан тўлаган.

«Албатта, ёқимсиз бўлди, лекин буларнинг барчаси ҳаётдаги майда-чуйда нарсалар. Атрофда аҳмоқлик ва ёвузликдан кўра кўпроқ дўстлик, муҳаббат, ўзаро хамкорлик анча кўп бўлди. Энг асосийси шу», – деб ёзди у.

Скриншот: Ксения Собчак

Украинадаги уруш ва санкциялар

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганига олти ойдан кўпроқ вақт ўтди. Шу билан бирга, Россия расмийлари бу вақт давомида буни уруш эмас, балки Украинани «демилитаризация» ва «деназификация қилиш» мақсадидаги «махсус операция» деб аташди.

Ғарб давлатлари, шу жумладан Қўшма Штатлар, босқин туфайли Россияга қарши иқтисодий санкциялар киритди. Бу эса мамлакатни жорий этилган санкциялар миқдори бўйича жаҳон етакчисига айлантирди.

Қирғизистон расмийлари эса Украинадаги уруш масаласида бетараф эканликларини бир неча бор таъкидлаган.

Июль ойи ўрталарида Қўшма Штатлар Қирғизистонни санкцияларга киритилган товарлар Россия ва Беларус орқали етиб бориши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритгани маълум бўлди.

Бу рўйхатга Қирғизистондан ташқари Грузия, Арманистон, Хитой, Ҳиндистон, Мексика, Исроил, Сербия, ЖАР, Тайван, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон киради.

Энди ушбу мамлакатлардан Россия ва Белоруссияга этказиб бериладиган барча товарлар санкцияланган маҳсулотларни етказиб бериш учун синчковлик билан текширилади.

Мутахассисларнинг фикрича, агар Қирғизистон компаниялари ёки банклари санкцияга киритилган товарларни Россияга олиб ўтишда ёрдам берса, бу Қирғизистонга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилишига сабаб бўлиши мумкин.