Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Беловодское қишлоғи ҳарбий қисмида хизмат қилган Бекзат Эсенбековнинг қаттиқ калтакланиши бўйича жиноят иши тўхтатилди.
Биринчи Май туман суди томонидан бундай қарор 8 август куни қабул қилинганини таъкидлашди. Жиноят ишининг тугатилишини томонларнинг «ярашиши» билан изоҳлади.
«Қўлга олинган шахс енгил жиноятда айбланган. Суд мажлисида жабрланувчи ўзаро ярашгани ва моддий харажатлар ундирилганини қайд этиб, терговни тўхтатиш тўғрисида илтимоснома келтирган. Шунингдек, айбланувчига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтди», — дейилади суд маълумотида.
Бош прокуратура матбуот хизмати эса «Клооп» га Ҳарбий прокуратура суд қарорини олганидан кейин унинг қонунийлигини текшириб, қайта арз қилиш масаласини яна кўриб чиқишини таъкидлади.
«Туни билан калтаклашган»
1 июн куни ФВВ аскари Бекзат Эсенбеков ҳарбий қисмда калтакланиб, сийдик пуфаги ёрилиши билан касалхонага ётқизилган эди. Унинг қариндошлари Эсенбековни ҳарбий қисм прапоршиги Торобай Жанибек уулу «қаттиқ калтаклаган»ини айтишган.
Аскарнинг отаси ўғлининг калтаклангани юзасидан прокуратурага ариза билан мурожаат қилган. Ҳарбий прокуратура «ваколатдан ошиб кетиш» моддаси бўйича иш қўзғатди, гумондор Торобай Жанибек уулуни ҳибсга олди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса Эсенбековнинг калтакланиши сабабли ҳарбий қисмнинг барча тегишли ҳарбий раҳбарларини лавозимидан вақтинча четлатди. Вазирлик аскарни калтаклаган айбдорлар жазоланишига ишонтирган.
Калтакланган ва ўлган аскарлар
Аввалроқ, июль ойида Қўй-Тош қишлоғидаги ҳарбий қисмнинг бир аскари ўқдан ҳалок бўлган эди. Мудофаа вазирлиги аскар қуролни ишлатишдаги эҳтиётсизлик оқибатида тасодифан ўқ узганини маълум қилган.
Аскарнинг яқинлари ўғлининг ўз жонига қасд қилганига ишонмай, Мудофаа вазирлигига шикоят қилишган.
Июл ойи охирида Аламудун тумани Молдовановка қишлоғидаги №27 ахлоқ тузатиш муассасасини қўриқлаётган аскар Калис Абдикабилов ўқдан ҳалок бўлган эди. Жазони ижро этиш хизмати аскар ўзига бириктирилган қуролдан ўқ узганини айтган, бироқ яқинлари аскар «ўзини отиб олди» деган важга ишонмаяпти.
Натижада ҳақиқатчи Атир Абдрахматова ташаббуси билан ҳарбий хизматни ўташ даврида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.
Ишчи гуруҳ сўнгги 5 йил ичида рўйхатга олинган ҳарбийларнинг ўлими, ўз жонига қасд қилиши ва калтакланишига оид фактларни тўплайди ва таҳлил қилади.
Шу билан бирга, гуруҳ аъзолари ушбу соҳадаги ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида миллий ва халқаро қонунларни ўрганиб, уларнинг амалий қўлланилишини ўрганадилар.