БМТнинг Қирғизистондаги вакиллиги мамлакатда аёлларга ва қизларга нисбатан бўлаётган зўравонликларга боғлиқ баёнот тайёрлади. Ташкилот «охирги ойларда даҳшатли гендер зўравонлик ҳолатларига ва аёлларга, қизларга нисбатан зўравонлик қилган айбдорлар жазосиз қолаётганидан» хавотирдамиз.
БМТ Қирғизистон 1996 йилдан буён аёлларга нисбатан дискриминациянинг барча турларини бартараф қилиш бўйича халқаро конвенциянинг иштирокчиси эканини, унга кўра, давлат аёлларга ва қизларга нисбатан дискриминацияни барча соҳаларда барҳам бериш ва аёллар билан қизларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга мажбур эканини эслатди.
Улар Вазирлар Маҳкамасини «аёллар ва қизларга нисбатан содир этилган барча зўравонлик жиноятларини ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тезкор ва адекват тергов қилишни тезлаштириш ҳамда Қирғизистондаги барча аёллар ва қизларнинг суд орқали адолатга эришиш имкониятини таъминлаш»га чақиришди.
«БМТ тизими, шунингдек, бундан кейин ҳукуматни гендер зўравонликнинг барча шакллари, жумладан, оиладаги ва жинсий зўравонликнинг жиноий табиати тўғрисида давлат ходимлари ва жамият орасида тушунтириш ишларини фаоллаштиришга, аҳоли ва фуқаролик жамиятини ушбу ҳуқуқбузарликларни рад этишда қўллаб-қувватлашга чақиради», — дейилади БМТ мактубида.
Аёлларга ва қизларга нисбатан зўравонлик
БМТнинг Қирғизистондаги вакиллиги баёнотини 13 ёшдаги қизни зўрлашда гумонланган тўрт кишининг устидан суд жараёни бошланган вақтда тайёрлади. Қўлга олинганларнинг иккитаси милиция ходими. Қизнинг яқинларининг сўзларига кўра, гумондорлар 13 ёшдаги қизни ярим йилга яқин, 2021 йилнинг августидан 2022 йилнинг февралигача зўрлаб келган.
Қизнинг яқинлари гумондор милиция ходимлари жавобгарликдан қутилиб кетиши мумкин деб хавотир олишмоқда.
Ўсмир қизнинг зўрланиши бўйича кейинги суд мажлиси 8 июлда Бишкекнинг Свердлов туман судида ўтади. Ўша куни суд биноси олдида болаларга нисбатан зўравонликка қарши митинг бўлади.
Бу иш қизларга ва аёлларга нисбатан зўравонлик масаласи ҳал қилинмай, одатда бундай ишлар судгача етмасдан қолиб кетаётганини яна бир марта кўрсатди.
БМТ ИИВга таяниб 2021 йили Қирғизистонда 604 жинсий зўравонлик зўравонлик факти содир бўлганини ёзади. Уларнинг 53%и жиноят таркиби йўқ бўлганидан қисқартирилган.
Вазирлик қизларни ўғирлаб мажбурлаб никоҳ ўқитиш бўйича 254 ҳолат қайд этган, унинг 84%и жиноят таркиби йўқлигидан тўхтатилган.
2021 йили оилавий зўравонликнинг 10 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган. 2022 йилнинг дастлабки 5 ойида оиладаги зўравонликнинг 3 988 ҳолати аниқланган.
Қирғизистонда 2022 йил бошидан буён болаларга нисбатан 400дан ортиқ зўравонлик факти қайд этилган. Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, мазкур 400 фактнинг 55 ҳолати — бу жинсий зўравонлик.
Қайд этилган 55 жинсий зўравонликнинг ичидан: 19и тажовуз, 5таси жинсий зўравонлик кўрсатиш ҳаракати, 23и вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик кўрсатиш ҳаракати, 8и номақбул ҳаракатлар.