Ўш вилоятидаги Новқат шаҳрида 17 ёшдаги қиз осилган ҳолда топилди. Бу ҳақда Ўш вилоят ИИБнинг матбуот хизматидан билдиришди.
Маълумотга кўра, 28 июнда соат 16:10да Новқат туман ИИБнинг навбатчи бўлимига ҳудудий касалхонадан хабар келган. Хабарда 17 ёшли ўспиримнинг жасадини яқинлари касалхонага олиб келгани айтилган.
Мазкур маълумот Новқат туман ИИБга қайд этилиб, текширув бошланган. Милициядан тезкор тергов гуруҳи воқеа жойига борганда «қиз уйида ўзини осиб, ҳалок бўлгани аниқланганини» айтишди.
Шунингдек унга сиртдан тадқиқот ўтказилганда баданида «ҳеч қандай жароҳат аниқланмаган». Ота-онаси эса жасадни экспертизага беришдан бош тортган.
Жорий йилнинг 23-майида Новқат туманидаги Гулистон қишлоғида 15 ёшдаги қиз ўз уйида осилган ҳолда топилган.
Вилоят ИИБдан қиз «осилгунга қадар хат ёзиб қолдирганини» таъкидлашган.Унда «Ота сизни соғиндим. Сизнинг ёнингизга кетяпман» деган маънодаги сўзлар ёзилгани айтилган.
Милициядан қиз нима учун бундай қадамга борганини текширишни ваъда қилишган.