Ўш шаҳридаги «Манас-Ата» кафеси вақтинча ёпилиб, 41 минг сом жарима солинди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш шаҳар санитар эпидемиология назорат марказидан билдиришди.
Маълумотга кўра, мазкур кафенинг 15 турли таомидан намуна олиниб, лабораторияга юборилди. Шу билан бирга бинода дезинфекция олиб борилиб, таъмирлаш ишлари учун топшириқ берилди.
Ушбу кафедаги воқеага боғлиқ 30 июнда шаҳар бошлиғи Алмаз Мамбетов мутасадди ходимлар билан йиғилиш ўтказди. Унда мазкур кафе тегишли ҳужжатларсиз ишлаётгани аниқ бўлди.
Шунинг учун Мамбетов мутасадди ходимларни «назоратни кучайтириши кераклигини айтиб» тайинлади.
«Бу фақат бир кафеники. Бундай кафедан нечта бор бизда? Демак, ҳаммаси ноқонуний ишлаяптими унда? Биронта ҳам ҳужжати йўқ кафелар ҳам бўлса керак? Агар сув, электр энергия ўғирланиб ясалган, бир тийин тўламаган кафелар бўлса ҳам ҳайрон қолмайман», — деди у.
Мамбетов 1 июлдан шаҳардаги ҳамма кафе-ресторанларни текшириш топшириғини берди.
«Манас-Ата» кафесидаги жанжал
27 июнда «Не сахар» дастури «Манас-Ата» кафесини текширувга олган. Бироқ эфир жараёнида кафенинг маъмурияти журналист Умар Дадановга тўсқинлик қилади.
Журналист текшира бошлаганда кафенинг ошхонасидан санитар ҳолати талабга жавоб бермагани аниқ бўлган. Кейинроқ Дадановни ходимлардан бири силтаб олиб чиқиб, қайтиб киритмай қўйган.
Маъмур Машрапхон Кушакбаева ходимлар билан бирга кафенинг эшигини тўсиб туриб олиб, журналистга қўпол муомала қилган. Натижада Даданов милиция ходимларини чақирган, бироқ ҳудудий милиция ходими ҳам, патруль милиция ва тезкор тергов хизмати ҳам ҳеч қандай чора кўрмаган.
Кафенинг ичига киритмай қўйганидан кейин Кушакпаева журналистдан кечирим сўрашни талаб қилган. Унга қўшилиб милиция ходимларидан бири ҳам бир неча марта «кечирим сўраб қўй» деб илтимос қилган. Лекин журналист нима учун кечирим сўрашим керак деб норози бўлган.
Натижада интернет фойдаланувчилари милиция ходимлари ўз ишини билмайди деб танқид қилишган.
Кейинроқ «Манас-Ата»нинг эгаси Бахтиёр Гуламов ва маъмури Машрапхон Кушакбаева милицияга чақиртирилган. Унда Гуламов Кушакпаева ишдан кетганини айтиб, унинг учун жамоатчиликдан кечирим сўраган.
Аёлнинг журналист билан бўлган жанжалида айтган сўзларига лингвистик экспертиза тайинланиб, текширув олиб борилмоқда.
Мазкур воқеа бўйича мер Алмаз Мамбетов жанжалдан умумий миллат масаласини қўзғамасликка ва давлат тилига эҳтиёткорона муносабатда бўлишга чақирди.