Иссиқотада хизмат машинасида «Тико»ни уриб олган инспектор қўлга олинди

306

Бишкек — Торугарт автомобил йўлида хизмат машинаси билан йўл транспорт ходисасига учраган ЙҲХТББнинг қидирув бўлими нозири, милициянинг кичик лейтенанти қўлга олинди. У Бишкек шаҳар ИИББнинг вақтинчалик хибсда сақловчи жойига киритилди.

ИИВнинг маълумотига кўра, 11-майда кечки 20:30лар атрофида Иссиқота туманининг Оқ  қудуқ қишлоғида «Даймлер Крайслер» русумидаги хизмат автомобили билан «Дэу-Тико» автомашинаси тўқнашгани ҳақида маълумот тушган.

«Дэу-Тико» автомобилида ҳайдовчидан ташқари 33 ёшдаги аёл, 9, 6, 1 ёшдаги болалар ва бир ёшга тўлмаган гўдак бўлган. Милиция маълумоти бўйича, улар тиббий кўрикдан ўтишни рад қилишган.

«Тергов жараёнида “Даймлер Крайслер” машинасининг ҳайдовчиси Йўл ҳаракати хавфсизилигини таъминлаш бош бошқармасининг қидирув бўлими нозири Н.Б. исмли шахс экани аниқланган. Шу билан бирга, хизмат машинасида йўловчи қатори 26 ёшдаги Э.кызы А. Ва Т. қизи К. бўлган», — деб айтилади маълумотда.

Факт бўйича «Автомототранспорт воситаларининг ҳаракатини ва уларни эксплуатация қилиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш» моддаси билан жиноий иши қўзғалди. Суд-экспертиза тайинланиб, хизмат текширув ишлари бошланди. Иккала машина ҳам  жарима майдончасига киритилган.

«Экспертиза хулосасига кўра, милиция ходимига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиб, ИИВнинг ЙҲХТББ рахбариятига нисбатан қаттиқ чоралар кўрилади», — дейилади ИИВнинг маълумотида.

Воқеа бўйича ижтимоий тармоқларда тарқаган видеода хизмат машинаси билан юрган милиция ходими маст аҳволда экани айтилиб, аҳоли уни текширувдан ўтказишни талаб қилишаётганини кўриш мумкин.

«Милиция текширмаса бўлмайди, мен ўзим ҳидладим. Алкоголь ичимлигининг хиди келяпти. Шундай бўлиши керак-ми? Ўзлари ичганларни текшириб, яна ўзлари ичиб олиб ҳайдаяпти», — деб айтган гувоҳ.

Воқеа гувоҳларидан яна бири «Даймлер Крайслер» русумидаги хизмат машинасини бошқариб бораётган ходим «Дэу-Тико» машинасининг ортидан келиб урганини айтган.

«Мен ортида келаётгандик, “Дэу-Тико”нинг орқасидан атайлаб келиб урди. Кейин шу ерга кириб кетди. Ҳайдовчи ойнадан ўзи чиқиб кетди, йўловчиларни мен чиқардим. ДАН ходими “мен ҳайдовчи эмасман” деб ёлғон гапиряпти», — деган у.

Шу билан бирга аҳоли автотранспорт ҳодисасидан икки қиз жабрланганини айтиб, уларни тез ёрдам хизмати келгунича хусусий машина билан касалхонага олиб бориш кераклигини айтишган.

Видеони тортаётган одам эса ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари ҳайдовчи ким эканини сўраганда, улар ҳайдовчини яширишга ҳаракат қилишган. Аммо гувоҳлар ҳайдовчи ДАН ходими эканини кўрсатиб берган.

Жорий йилнинг 21-майида Боткен вилоятининг Қадамжой туманида қирғиз-ўзбек чегарасидаги «Чечме» ўтказиш пунктида оммавий йўл транспорт ходисаси содир бўлган.

Унда ФВВга қарашли  «Хово» русумидаги оғир юк ташувчи машинанинг тормози ишламай қолиб, чегара ўтказиш постида тўхтаб турган 11та машинани уриб тўхтаган.

Ҳодиса оқибатида саккиз нафар одам вафот этган. Уларнинг иккитаси вазирлик ходимлари экани хабар қилинган. Қолган етти нафар киши турли жароҳатлар олиб, касалхонага олиб борилган.

2021-йилнинг 11 ойида Қирғизистонда 6 820 йўл транспорт ходисаси содир этилган. Ундан 780 нафари ҳалок бўлиб, 10 мингдан ортиғи тан жароҳати олган. Йўл транспорт ходисалари 2020-йилга нисбатан 22,9%га ўсган.