Новқат: Пиёда йўлагида 9 ёшдаги ўспиримни уриб кетган ҳайдовчи қўлга олинди

438

Ўш вилоятининг Новқат шаҳрида 9 ёшдаги болани автомобил билан уриб, қочиб кетган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш вилоят ЙХНҚБдан билдиришди.

Маълумотга кўра, воқеа шаҳарнинг Ленин кўчасида 4-июнда соат 17:20лар атрофида содир этилган. Ҳодиса видео назорат камерасига тушиб қолган.

Унда «Дэу Матиз» машинасининг ҳайдовчиси йўловчилар ўтадиган чизиқ устига югуриб чиққан ўсмирни уриб кетганини кўриш мумкин. Ёш бола автомобилдан қочишга ҳаракат қилган, лекин  «Дэу Матиз» тўхтай олмаган.

Ҳодиса оқибатида ўсмир жароҳат олиб, Новқат туман касалхонасига етказилган. 6-июнь куни эса қочиб кетган ҳайдовчи шаҳар ҳудудида қўлга олинган.

Ҳозирда тегишли экспертизалар тайинланиб, тергов жараёни кетмоқда.

31-майда Баткен вилоятининг Қадамжой шаҳрида мактабга кетаётган 8 ёшдаги қизни машина уриб кетган. Ўсмир олган жароҳати туфайли касалхонада вафот этган.

Йўл транспорт ҳодисаси видео назорат камерасига тушиб қолган. Унда қиз зебра йўқ ердан ўтганини, автомобил эса кучли тезликда келганини кўриш мумкин. Югуриб чиқиб кетаётган ўқувчини йўлнинг четида тўхтаб турган «Хендай Портер» тўсиб қолган.

Ҳайдовчи қўлга олиниб, машинаси жарима майдонига киритилган. Милиция тергов амаллари бошланганини билдирган.