Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Беловодское қишлоғидаги ҳарбий қисмда хизмат ўтаган Бекзат Эсенбековнинг қаттиқ калтакланиши бўйича олти ҳарбий ходим ишдан вақтинча четлатилди. Бу ҳақда вазир ўринбосари Урматбек Шамирканов 8-июндаги матбуот анжуманида билдирди.
«Кичик, ўрта ва юқори босқичдаги командирлар: баталион, гуруҳ, бўлим командирларидан иборат умумий олти нафар киши ишдан четлатилди. Ҳарбий низом асосида тергов битганидан кейин интизомий чоралар кўрилади. Суриштирилиб, айблари аниқлангунича чора кўриш мумкин эмас», — деб билдирди у.
Вазир ўринбосари аскарнинг калтаклангинини яширишга алоқаси бор ҳамма ўз жазосини олади деб ишонтирди.
«Ҳозир олиб боридаётган тергов жараёнида ҳаммаси аниқланади. Натижани кутайлик. Шу билан бирга ур-тўқмоққа учраган аскарни текшириб, унинг жароҳатларини яширган фельдшерга ҳам тегишли чоралар кўрилади», — деди у.
Шамирканов сўнги икки йил ичида ҳарбий қисмларда 10га яқин воқеа содир бўлганини, тегишли ходимларга интизомий чоралар кўрилганини қўшимча қилди.
Аскарнинг калтакланиши бўйича масала 8-июнда Жогорку Кенешда ҳам кўриб чиқилди. Депутат Эмил Токтошев ота-оналар болаларини Ватанни химоя қилиш учун юбораётганини таъкидлаб, лекин у ерда аскарлар калтакланганидан норози бўлди.
«Ота-оналар бориб Ватанни химоя қиладими ёки ногирон бўлиб келадими деб шикоят қилиб мурожаат йўлламоқда. Ўтганда ҳам айтгандим, сиз протокол асосида топшириқ бераман деган эдингиз. Парламент ўз назоратига олиши керак. Бу нима деган армия? Биз болаларни Ватанни химоя қилишга ўргатамизми ёки калтаклаймизми?» — деди у.
Халқ вакили Камила Талиева эса ҳамкасбининг фикрини маъқуллаб, аскарнинг калтакланиши бўйича ишни парламент ҳам ўз назоратига олиши керак деб билдирди.
«Кечаси билан калтаклашган»
7-июлда ижтимоий тармоқларда ФВВнинг аскари Бекзат Эсенбековнинг қариндошлари ҳарбий қисмда калтакланиб, касалхонада ётганини ёзиб чиқишган. Улар ҳуқуқ тартибот органларига, ҳукумат вакилларига мурожаат йўллаб, Эсенбековни ҳарбий қисмининг прапоршиги Торрбай Жанибек ўғли 31-майдан 1-июнга ўтар кечаси «қаттик калтаклаганини» таъкидлашган.
«Биз укамиз билан доим алоқада бўлиб тургандик. У ҳаммамиздан бирлик солиб қўйинглар деб илтимос қиларди, 8 ойнинг ичида 35 минг солганмиз. Бу пулларни Торобай Жанибек уулу мобил илова орқали чиқариб олар экан. Охирги марта 500 сом учун калтаклабди. Тунда бўлгани учун укамиз қариндошларининг тинчини бузгиси келмай калтакка чидаб берибди», — деб ёзишган улар.
Бундан ташқари Эсенбековнинг яқинлари ҳарбий қисм прапоршиклари ва капитанлари унга касалхонага борганда ёнида бўлиб,нима дейишни айтиб туришган дейишди.
Ўша куннинг ўзида Бош прокуратура маълумот тарқатиб, 4-июнда ФВВнинг тезкор хизматида муддат асосида хизмат ўтаётган аскар жароҳатланиб, №4 Бишкек шаҳар касалхонасига тушганини тасдиқлашган.
Бу бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Урматбек Шамирканов ҳам маълумот бериб, Эсенбековнинг калтакланишида ҳарбий қисмнинг тегишли ҳарбий раҳбарларининг ҳаммаси хизматининг вақтинча четлатилганини айтган.
Беловодское қишлоғидаги №86123 ҳарбий қисм командири Рисбек Жолдошбаев эса барча маълумотлар Ҳарбий прокуратурасига юборилиб, тергов олиб борилаётганини маълум қилган. Вазир ўринбосари эса аскарнинг калтакланишида айбдор томонлар жазосини олади деб ишонтирган.
7-июнда эса жабрланган аскарнинг отаси ўғлининг калтакнаши бўйича прокуратурага ариза ёзган. Ҳарбий прокуратура «Амалини суиистеъмол қилиш» моддаси билан иш қўзғаб, гумондор қатори ФВВнинг прапоршиги Торобай Жанибек уулуни қўлга олган.