Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиевнинг маслаҳатчиси Мээрим Тилекова уй қамоғига чиқарилди. Бу ҳақда «Клооп»га Бош прокуратуранинг матбуот хизматидан хабар қилишди.
Муассасадан қарорни 19-майда Қоракўл шаҳар суди чиқарганини таъкидлашди. Шу билан бирга, вилоят прокуратураси суднинг қароридан зудлик билан шикоят қилинишини қўшимча қилишди.
Бунга қадар МХДҚ Иссиқкўл вилояти бўйича соғлиқни сақлашнинг координатори ва Қоракўл шаҳар оилавий шифокорлар марказининг директори қўлга олинганини маълум қилган. У 100 500 сом пора олаётганда қўлга олинди деб билдиришган.
Кейинчалик «Клооп»нинг ҳуқуқ тартибот органларидаги шахсий манбаси соғлиқни сақлашнинг Иссиқкўл вилояти бўйича координатори пул олаётганда, ёнида вазирнинг маслаҳатчиси ҳам бўлганини айтган. У сўроққа олиниб, қайта қўйиб юборилган.
Аммо 17-майда МХДҚ Бейшеналиевнинг маслаҳатчиси қўлга олинганини расман билдирган. Қўмитадан соғлиқни сақлаш вазирининг 29 ёшдаги маслаҳатчиси Жиноят ва жазо кодексининг «Пора олиш» моддаси билан қўзғалган жиноят ишининг асносида тергов амалларини олиб бориш учун Қоракўл шаҳрига етказилганини билдиришган.
Бейшеналиев ўзи ҳеч қандай пора ҳақида гап бўлмаганини, ҳамширалар кунини нишонлаш учун пул тўпланганини билдирган. Шунингдек дастлаб номи аталган қиз унинг маслаҳатчиси эканини инкор қилган.
Вазир бундай йўл билан унга туҳмат қилишни исташаётганини, аммо бундай ҳаракатдан «айбсиз қиз жабрланганини» қўшимча қилган.
«Бари менинг маслаҳатчим деб ёзмоқда. У аввал вазир ўринбосарининг котиби бўлиб ишлар эди. Кейин олган пули байрамга аталган эди. Маълум бўлишича, яқиндагина ҳамшираларнинг куни нишонланган. Унинг қариндошлари кафе эгалари бўлгани учун у бизга уюштириш ишларига ёрдам берди. Шунга тўласин деб пул берилган. Ўша вақтда у қўлга олинди», — деган вазир.
Бироқ Бейшеналиев кейинчалик интервью бераётиб уни маслаҳатчим деб атаган.
Унинг айтишича, 11-майда тадбир ҳақида билган МХДҚнинг Жети-Огуз туман бошқармасининг ходимлари соғлиқни сақлашнинг Иссиқкўл вилоят координаторига келишган. Вазир махсус хизматнинг ходимларини корпоративга пул тўплаш масаласи қизиқтирганини таъкидлайди.
«Махсус хизматнинг вакиллари тўпланган пулни мен олиб, барини тўлашим керак эканини билишган. Амалдорлар пулни ўртадан олиб, белги қўйиб қўйган, кейин ҳамширалардан бири бизнинг ходимга ўтказиб берган. Кейин уни ушлаб кетишди», — деган Бейшеналиев Kaktus.media нашрига берган интервьюсида.
Вазирнинг айтишича, маслаҳатчи қўлга олинганда ўзи ҳам тадбирда қатнашиб юрган, ходимлари билан гаплашишга ҳаракат қилган, аммо уни яқинлаштиришмаган. Учрашганда эса МХДҚнинг ходимлари аёлларни зўрлаймиз деб қўрқитганини билган.
Бейшеналиевнинг айтишича, шундан кейин вазир МХДҚнинг Иссиқкўл вилоят бошқармасининг етакчисига қўнғироқ қилиб, «аёлларни ҳамшираларни қўрқитган ходим ишдан четлатилганда»гина олиб келишини айтган.
«Охири Мээрим бўшатилди, мен уни уйига олиб бориб, ота-онасини бўлган воқеани айтиб бердим. Эртага бирга борсанглар бўлади деб айттим, чунки мен қола олмасдим. Бундай қўрқитувдан кейин у қиў ҳеч қаерга бормаган», — деб айтиб берган Бейшеналиев.
Вазир МХДҚ унинг ҳаракатларини маслаҳатчисини яширмоқда деб баҳолаб, «ортидан кузата» бошлаган деб ҳиоблайди. Шу воқеадан кейин МХДҚнинг ходимлари уни сўроққа олишган.
Унинг фикрича, бўлган воқеага клиникалар билан университетларнинг ёпилганига норози бўлган одамларнинг алоқаси бўлиши мумкин.
«Айнан шу одамлар буюртма беришмоқда деб ўйлайман. Улар қотил ёллаб, пул ишлаб олса ҳам бўларди. Бунга Ташиевнинг ҳам, Жапаровнинг ҳам алоқаси йўқ, норози бўлганлар кўп, уларнинг орасида генераллар ҳам бор», — деб ҳисоблайди взир.
Бейшеналиев аввал ҳам соғлиқни сақлаш тармоғида олиб бораётган реформаси учун унга «туҳмат» ҳаракатлари бўлаётганини билдирган эди.