Бирлашган демократия ҳаракати президент Садир Жапаровнинг коррупцияда гумонланган Алексей Ширшовнинг бўшатилиши бўйича Фейсбукка чиқарган баёнотига норозилик билдирди.
Ҳаракат президент Алексей Ширшовнинг Қирғизистонга қайтиб келганлиги ҳақида ошкора ёлғон айтиб, Ширшовнинг қўлга олинишига ва унинг уй қамоғига чиқарилиши бўйича МХДҚ уюштирган афёрани ҳимоя қилмоқда деб ҳисоблайди.
«[...] Жапаров Ширшов жиноий жавобгарликка тортилмаганини, қидирувда юрмаганини айтиб, жамоатчиликни атайлаб адаштирган. Ширшов, айниқса Максим Бакиевнинг яқин одами қатори [...] ҳусусийлаштириш вақтидаги коррупция схемаларини уюштириш фактлари бўйича кўплаган жиноят ишларида ва суд ҳукмларида учрайди [...]», — деб айтилади билдирувда.
Мухолифатнинг вакиллари Алексей Ширшов амалга оширган жиноятларининг жазосини олиши керак, унинг ҳукумат билан келишиб олиши оқланишига асос бўлмаслиги керак деб ҳисоблашади.
«Бакиевларга нисбатан тугаган жиноий ишлар бўйича ҳуқуқ тартибот, суд органларининг фаолиятлари, биз томондан уларни реабилитациялаш ҳамда жиноий йўл билан олинган мулкларни қайтариб бериш ҳаракати қатори баҳоланади. Президент тарафидан уларни очиқ қўллаши, уларнинг таъсири кучайиб бораётганини ҳамда эҳтимол, Жапаров “бакиев замонини” қайта тиклашдан шахсан манфаатдор эканини кўрсатади. Унинг опаси Райқул Жапарова эса Максим Бакиевнинг коррупция схемаларига, рейдерлик фаолиятларига қатнашгани ҳеч кимга яширин эмас […]», — деб ёзди ҳаракат.
Уларнинг айтишича, собиқ бош прокурор Азимбек Бекназаров Ширшовга қарши «тўғридан-тўғри Максим Бакиевга алоқадор» тўрт жиноят иши қўзғалганини тасдиқлаб бера олади.
«Бекназаров [Ширшовга] жиноят ишлари тергов тарафидан якунига чиқиб, судга жўнатилганини тасдиқлай олади. [...] У Муваққат ҳукумат етакчисининг ўринбосари бўлиб туриб, фуқароларга расмий мурожаатида Ширшовга сиртдан айб қўйилганини ҳамда қидирув эълон қилинганини айтган. Бекназаров, йўқ деганда ўз номуси, қонунийлик учун Бакиевларга, жумладан Ширшовга, Райқул Жапаровага қўйилган айбларнинг барини тасдиқлайди деб ишонамиз», — деб айтилади ҳаракатнинг билдирувида.
Ҳаракат Бош прокуратуранинг маълумотига таяниб, Ширшовга 2010-йилнинг сентябрида Қозоғистонда, Россияда ва Интерпол орқали қидирув эълон қилинганини ёдга солди.
«Бугунги кунда Ширшовнинг жазо муддатини ўтамай, қидирувда юрганларнинг рўйхатига чиқарилгани ҳақида жамоатчиликка холис маълумот бериш керакми? Бунга МХДҚнинг, ИИВнинг, прокуратуранинг, шунингдек судларнинг катта лавозимдаги вакилларининг алоқаси борлигини йўққа чиқармаймиз. Агарда уларнинг ишида президент айтганидек яширин ҳеч нарса бўлмаса, Ширшовга нисбатан қабул қилинган барча актлар, ҳужжатлар очиқ эълон қилиниши керак», — деб ҳисоблашади мухолифатнинг вакиллари.
Билдирувда Қурманбек Бакиевнинг ва унинг қариндошларининг яқинларига ҳамда тарафдорларига қайд этилган коттежларни текшириши керак деб айтилади. Муҳолифатчиларнинг айтишича, Бакиевларнинг ва уларнинг атрофидаги миллийлаштирилган бошқа мулкларнинг тақдирини жамоатчилик билиши керак.
«Президентнинг Ширшов Максим Бакиев ўғирлаб кетган 200 миллион доллари қаерда эканини кўрсатишга тайёр деган сўзлари бўлмаган гап. Агар Ширшов чиндан ҳам уларнинг қаерда эканини билса, унда [...] у коррупция схемаларининг шериги бўлиб, жиноятга шерик қатори жиноий жавобгарликка тортилиши керак. Давлатнинг Бакиевлар ўғирлаган маблағларни, мулкларни аниқлаб, мамлакатга қайтариш бўйиа чораларни кўришга ўзининг ҳам имкониятлари бор», — деб ҳисоблайди ҳаракат.
Ширшовнинг қўлга олиниб, кейин уй қамоғига чиқарилиши
10- майда «Дастан» Транс миллий корпорациясининг собиқ етакчиси Алексей Ширшов коррупцияда гумонланиб қўлга олган. Аммо шу куннинг ўзида қайта уй қамоғига чиқарилган.
Кўп ўтмай президент Садир Жапаров Фейсбук саҳифасига Ширшов билан 6-7 ой аввал учрашганини ёзган. Давлат раҳбарининг айтишича, Ширшов тергов билан ҳамкорлик қилаётгани учун уй қамоғига чиқарилган, чунки у 2010-йили вақтли ҳукуматнинг қайси аъзолари Максим Бакиевнинг [қулатилган президентнинг ўғли] мулкларига эга бўлиб олганини, шу билан бирга мамлакатга ўтказиб бермай «Аврора плюс» пансионатига ким эгалик қилиб олганини айтиб берган.
Президент Ширшовга жиноят ишлари қўзғалмаганини ва унга қидирув эълон қилинмаганини ҳам айтган.
Ширшов Қирғизистоннинг энергетика тармоғининг «яширин кардинали» деб ҳисобланар эди. У соби президентларнинг ўғиллари Айдар Акаев, кейинчалик Максим Бакиевга давлатнинг энергетикаси бўйича маслаҳатларни бериб юргани маълум.
Ширшовни электр энергиясини «ўлик жонларга» ёздириш ва тендерларни «ўз одамларига» юттириш каби энергетика тармоғидаги коррупция схемаларининг муаллифи деб аташади. «Ширшовнинг коррупция схемалари» бугунги кунгача ҳам ишлаётгани айтиб келинади.