Депутат Жанар Акаев «Дастан» ишхонасининг собиқ етакчиси Алексей Ширшов ярим сутка қамалиб, уй қамоғига чиқарилганини танқид қилди. У бу фикрни Жогорку Кенешнинг 11-майдаги йиғинида билдирди.
«Ширшов деган фамилия — бу коррупция схемаси деган сўзнинг синоними. Шундай киши охирги бир йилдан бери Қирғизистонга Интерполнинг қидирувида бўлганига қарамай, Қирғизистон ку идораларининг қидирувига қарамай бемалол келиб-кетиб юрган […] Нима, Қирғизистонда коррупция билан курашиш дегани шуми? Нима, Ширшовнинг схемалари Қирғизистонда қайтадан ишлай бошладими?» — деб савол берди Акаев.
Депутат Чегара хизматига 29-апрелда Ширшов бўйича бир неча саволлардан иборат хат юборганини айтиб, ҳозиргача жавоб ололмаганидан норози бўлди. Унда Ширшовнинг Қирғизистонга сўнгги бир йил ичида қанча марта кириб чиққанини, нимага сўроққа чақирилмагани ҳақида саволлар қўйилганини билдирди.
Акаев Чегара хизмати маълуомтни атайлаб «яшириб», «ўртага одамларни солмоқда» деб қўшимча қилди.
МХДҚ «Дастан» Транс миллий корпорациясининг собиқ етакчиси Алексей Ширшовни коррупцияда гумонлаб, 10-майда қўлга олган. Аммо махсус хизматнинг илтимоси билан Биринчи май туман суди 11-майга ўтар кечаси Ширшовни 26-майга қадар уй қамоғига чиқарди.
Алексей Ширшовнинг қўлга олиниши
МХДҚнинг версияси бўйича, Ширшов Иссиқкўл вилоятидаги «Аврора Плюс» дам олиш марказининг ҳудудидаги 56 қимматбаҳо хонадонни ва 27 коттежни давлатнинг ҳисобидан чиқаришнинг асосий уюштирувчиларидан бири бўлган.
Махсус хизматнинг маълумотига кўра, бу схемага Иссиқкўл тумани ва вилоят судларининг, Олий суднинг судяларини, шунингдек Президент аппаратининг, давлат Мулк фондининг ҳамда Давлат рўйхатга олиш хизматининг ходимлари жалб қилинган.
МХДҚ Ширшов қамоққа олинганини маълум қилганда у қайси ерда қўлга олинганини аниқ билдирмаган. Ширшов 2010-йилдаги апрель революциясидан кейин мамлакатдан қочиб кетиб, Интерпол тарафидан қидирувга олинган.
2010-йилнинг июнида Муваққат ҳукумат Ширшовнинг қайси ерда экани ҳақидаги маълумоти учун 100 минг доллар тўлашга ҳам тайёр бўлган.
Энергетика тармоғининг «яширин кардинали»
Ширшов Қирғизистоннинг энергетика тармоғининг «яширин кардинали» деб ҳисобланар эди. У собиқ президентларнинг ўғиллари Айдар Акаев, кейинчалик Максим Бакиевга давлатнинг энергетикаси бўйича маслаҳатларни бериб юргани маълум.
Ширшовни электр энергиясини «ўлик жонларга» ёздириш ва тендерларни «ўз одамларига» юттириш каби энергетика тармоғидаги коррупция схемаларининг муаллифи деб аташади. «Ширшовнинг коррупция схемалари» бугунги кунгача ҳам ишлаётгани айтиб келинади.
Ширшов 2007-йилга қадар «Шимолий электр»нинг ва «Электр станциялари»нинг молиявий директори, кейин 2007-йилдан 2010-йилгача «Дастан» ТУК ОАЖ бошқармасининг етакчиси бўлган.
Ширшов Максим Бакиевнинг энг яқин дўстларидан бири деб ҳисобланган. 2010-йилдаги апрель инқилобидан кейин мамлакатдан қочиб кетган. 2019-йили Бишкек ИЭМнинг модерницазиялашдаги коррупция иши бўйича МХДҚнинг топшириғи билан Латвияда сўроқ берган.
Муаллиф: Айжамал Туголбай қизи