Президентнинг матбуот котиби Қирғизистон НАТОга қўшилади дейилган маълумотни инкор қилди

277

Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Қирғизистон НАТОга кириш масаласини кўриб чиқмоқда дейилган маълумотни инкор қилди. Бу ҳақда у Фейсбук саҳифасида билдирди.

Унинг айтишича, ижтимоий тармоқларда Қирғизистон КХШТдан чиқиб, НАТОнинг таркибига қўшилади деган маълумот тарқаган. Султанбаев бу маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди.

«Ёлғон ва провакицион маълумотларни тарқатишдан эҳтиёт бўлишни илтимос қиламан, шунингдек аниқ ва расмий манбаларга ишонишга чақираман», — деб ёзди у.

НАТО — бу Шимолий Атлантика Келишуви Ташкилоти. У ҳарбий блок бўлиб ҳисобланади. Ташкилотга АҚШ, Франция, Туркия ҳамда Европанинг бошқа давлатлари киради.