Қирғиз-тожик чегарасида 12-апрелда содир бўлган қуролли можарода яраланган тожик аскари вафот этди. Бу ҳақда «Озоди» нашри ёзди.
Маълумотга кўра, 27 ёшдаги аскар Зоир Сайдумаров касалхонада вафот этган. Жанжалда унинг кўкрагига ва қорин қисмига ўқ теккан. Аскар 13-апрелда дафн қилинди.
12-апрелда қирғиз-тожик чегарасида яна қуролли можаро содир бўлди. Қирғизистоннинг чегара хизмати тожик аскарлари тўхта талабига бўйсунмай, Қирғизистон ҳудудига кириб кетганидан жанжал чиққанини билдирган.
Тожикистоннинг чегара хизмати эса воқеа бўйича расмий маълумот бермади.
Отишув икки томоннинг вакиллари музокара ўтказгандан кейин тўхтаб, қўшимча кучлар ва техникалар ортга қайтарилди.
Чегара можаросида қирғиз томондан умумий олти киши яраланган — уларнинг бири ҳарбий хизматчи. Шунингдек, Баткен ва Лайлак туманининг 18 507 турғуни вазият сабаб хавфсиз жойга эвакуацияланиб, 13-апрелда уйларига қайтишди.