Иссиқкўл туман суди ўтган йили ёзда «Олтин қум» пансионатининг аквапаркида вафот этган 18 ёшдаги Станислав Ситниковнинг ўлими бўйича жиноий ишни қисқартирди. Бу ҳақда суднинг матбуот хизмати 8-апрелда билдирди.
Маълумотга кўра, қарор 2021-йилнинг 20-декабрида қабул қилинган. Бунга жабрланувчи томон айбланувчи Айдар Текебаев билан ярашиш ҳақида келишув тузгани асос бўлди.
Станислав Ситниковнинг ўлими
Ситников 2021-йилнинг 27-июлида «Олтин қум»даги аквапаркда вафот этган. Уни сув сўрувчи насоснинг диаметри 50 см бўлган қувури тортиб кетган. Қутқарувчилар унинг жасадини олиб чиқиш учун экскаватор билан қумни қазиб, қувурни кесган.
18 ёшдаги боланинг ўлими жамоатчиликда резонанс яратиб, милиция «Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш» ва «Фойдаланувчиларга хавф солиши» моддалари билан судгача текширувни бошлаган.
Бу иш бўйича терговни президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили Мирбек Кожоев шахсан назоратига олган. Бу орада давлат экотехинспекциянинг Иссиқкўл тумани бўйича бошқармаси Текебаев аквапаркни «ўзбилармонлик» билан ўрнатиб олганини билдирган.
Тергов давомида аквапаркнинг эгаси Айдар Текебаев аттракционга сув тортувчи насослар ўрнатилган жойга белги берувчи ва ҳимоя тўсиқларни ўрнатмагани аниқланган. Шунингдек, тергов натижасида ҳужжатда тадбиркорнинг аттракциони хавфсизлик чоралари кўрсатилган технологик ҳужжатсиз ишлагани ҳам айтилган.
«Ишлаш жараёнини назорат қилишини таъминлаган ускуналарнинг бўлиши ва ишлаш тизими қаралмаган, сув аттракционининг насос қувури хавфсизлик тўсиқлари билан ўралган эмас, сув аттракционининг бошқарув тизими йўқ бўлган», — дейилади ҳужжатда.
Фалокат оқибатларини бартараф қилиш бўйича режа тузилмаган. Тергов хулосасида Текебаев қонунбузарликларни бартараф қилиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмай, аттракционни ишлатишни давом эттиргани ёзилган.
Кейинчалик Текебаевга «Истемолчиларга хавф солиш» моддаси билан айб қўйилгани маълум бўлган.