18-мартда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Россия элчилиги олдига митингга чиққани учун ҳуқуқ ҳимоячиси Ошурахуновага қўзғалган «Майда бебошлик» бўйича жиноий ишни қисқартирди.
Милиция ходимларининг протоколида Ошурахунова митинг вақтида «жамоат тартибини бузиб, сўкиниб, элчилик олдига бовул қилган» деб ёзилган. Бироқ суд мажлисида милиционер адвокатнинг саволига жавоб бераётиб ҳуқуқ ҳимоячиси бундай тартиббузарликларга йўл қўймаганини айтди.
Ошурахунова терговнинг айбловидан норози эканлигини ва бари ўйлаб топилганини таъкидлади. Ҳуқуқ ҳимоячиси Биринчи май туман ИИБ ходимлари қоғозда ҳеч қандай огоҳлантириш кўрсатмасдан, туман милициясига олиб кетганини билдирди.
«Биз у ерда бақирмаганмиз. Уч киши эдик, биз ҳар биримиз алоҳида-алоҳида келдик. Мен охирида келиб қўшилиб, четда турганман. Ўша вақтда 18 ходим, унинг орасида милиция, 10-бўлимнинг вакиллари бор эди. Биз томондан агрессив ҳаракатлар бўлмаган», — деди Ошурахунова.
Прокурор Ошурахуновага «Майда бебошлик» моддаси бўйича 5 500 сом жарима солишни сўради.
Суд Ошурахунованинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ деган ҳукм чиқарди. Шу сабаб жиноий иш қисқартирилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг адвокати Нурбек Токтакуновнинг айтишича, Ошурахуновага «Ички ишлар органи ходимларининг талабига бўйсунмаслик» моддаси билан жиноий иш қўзғалган, бу иш 25-мартда кўриб чиқилади.
Ондуруш Токтонасиров билан Азиза Абдирасуловага «Майда бебошлик» моддаси билан қўзғалган жиноий иш бўйича суд мажлиси 22-мартга белгиланган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари уюштирган митинг
2022-йилнинг 17-мартида милиция ходимлари ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова, Ондүрүш Токтонасиров ва Динара Ошурахуноваларни Бишкекдаги Россия элчилиги олдига митингга чиққани учун ушлаб кетган. Улар Украинадаги урушга қарши ва Биринчи май туман судининг митинг ўтказишга чеклов киритганига норози эканликларини билдиришган.
Митинг вақтида Абдирасулова нима сабабдан тақиқланишига қарамай, митингга чиққанини тушунтириб, 2002-йили Ахси воқеасида митинг ўтказиш тақиқланганини эслатилди.
14-мартда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Россия элчилиги биноси олдида, Ала-Тоо майдони ва Оқ уй яқинида ва президент маъмурияти биноси олдида тинчлик митингларини ўтказишга чеклов киритган. Чеклов 11-мартдан 11-апрелгача кучида бўлади.
Туман судидан чеклов нима асосида киритилганини айтишмаган, фақатгина фуқаролар Исанов кўчасидаги Горький боғида тинчлик митингини ўтказса бўлишини айтишган.