Парламентнинг олтинчи чақирилишини депутати ва собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг қудаси Алиярбек Абжалиев «фирибгарлик» факти бўйича зарарни тўлаб, қамоқдан чиқарилди. Бу ҳақда миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 12-мартда маълум қилди.
МХДҚ собиқ депутатни 10-февралда ҳибсга олган. Абжалиев устидан хусусий тадбиркор ариза ёзиб, у депутат бўлганда яқин қариндошлари билан келишиб уни 2 млн долларга алдаганини билдирган. Ариза асосида жиноий иш қўзғалиб, собиқ депутат қамоққа олинган.
Тергов давомида зарарнинг миқдори 1,2 млн долларни ташкил қилгани аниқланган. Абжалиев зарарни тўлаши натижасида Бишкекнинг Биринчи май туман суди 11-мартда уни қамоқдан бўшатган.
Бунгача Абжалиев «Ноқонуний бойиш» моддаси билан қўзғалган жиноий ишнинг фигуранти бўлган. Тергов версияси бўйича, Абжалиев собиқ президент Жээнбеков билан бўлган қариндошлик алоқасижан фойдаланиб, давлат идораларининг ишига аралашиш орқали жисмоний шахсларнинг манфаатини ҳимоя қилган.
Махсус хизмат депутатга тегишли 20дан ортиқ квартира, вип-шаҳарчалардан бир нечта уйлар, пансионат ва ер участкалари, ҳамда Туркия ва Араб амирлигида кўчмас мулклари борлигини аниқлаганини билдирган. Абжалиев бу айбловларни инкор қилиб, кўп ўтмай Туркияга чиқиб кетган.
Абжалиев 2021-йилнинг июнь ойида Қирғизистонга қайтиб келиб, давлат бюджетига 20 млн сом ўтказган.
9-февралда Бош прокурор Курманкул Зулушев Абжалиевнинг «ноқонуний бойиш» иши қисқартирилганини билдирган. Шунингдек, бош прокурор депутатнинг ишини қисқартиришга нима сабаб бўлгани унга номаълумлигини айтган.