Садир Жапаров: урушни тўхтатишга таъсир этолмаймиз, шу сабаб холис мамлакат бўлишимиз керак

372

Президент Садир Жапаров Жогорку Кенешнинг 9 мартдаги йиғинида Қирғизистон кичик давлат бўлгани сабаб урушни тўхтатишга таъсир қилолмаслигини таъкидлаб, Россия билан Украина масаласида «холис давлат бўлишимиз керак» деди.

Шунингдек, президент уруш дунё иқтисодига таъсир қилаётгани сабаб, вазиятдан чиқиш учун «бирлашиб иш олиб боришимиз керак» деди.

«Доллар курсини кўтарилишини, ёқилғининг нархини ошиши, озиқ-овқатнинг нархи борган сари қимматлаётганини халқимиз билан бирга бошдан ўтказяпмиз. Мана шундай вақтда бизга бирдамлик керак бўляпти. «Аҳиллик бор жойда ризқ бор» деган гап бор халқимизда. Бизга тегаётган таъсирларни юмшатиш мақсадида ҳукумат тармоқларини қилган иши билан айтган сўзи бир бўлиб, бир йўналишни кўзлаб, бир муштумга бирлашгандай иш олиб боришимиз керак бўлган вақт», — деди у.

Жапаров депутатларга мурожаат қилиб «бири-биримизни танқид қилиб, қилдан қийиқ изламай ишни жадаллаштириш устида ишлайлик» деди.

«Амбицияларимизни йиғиштириб, мухолифат демай бутун юртимиз билан бу синовлардан муносиб ўтиб ўтиш учун имкони борича тезкор ҳаракат қилиш замон талаби бўлмоқда», — деб мурожаат қилди депутатларга давлат раҳбари.

Жапаров 22 февралда ҳам Фейсбук саҳифасида Россия билан Украина атрофида бўлаётган вазият бўйича фикр билдирган эди. У «Украина шарқида бўлаётган вазиятни кескинлашишини катта хавотир билан кузатаётганини» таъкидлаган.

Шунингдек, Жапаров «у ёки бу давлатни тан олиш ҳар бир мамлакатнинг суверен ҳуқуқи» деган.

26 февралда Садир Жапаров Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган.

Унда икки давлат раҳбари халқаро ва хавфсизлик масалалари, унинг орасида Украина атрофидаги вазият бўйича фикр алмашгани айтилган.

Қирғизистоннинг ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев 5 мартда россиялик ҳамкасби Сергей Лавровнинг таклифи билан Москвага расмий сафар билан борган. У брифингда Россия билан Украинани тинчликка, можарони сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирган. Шунингдек, Казакбаев Қирғизистонни сўзлашувлар ўтказиш учун майдонча қатори таклиф қилган.