Бош прокуратура Мадумаровга қўйилган айбни «Лавозимини суиистеъмол қилиш» моддасига ўзгартирди

310

Бош прокуратура «Бутун Қирғизистон» фракцияси лидери Адахан Мадумаровга «Давлатга хиёнат» моддаси билан қўйилган айбни «Лавозимни суиистеъмол қилиш» моддасига ўзгартирди. Бу ҳақда Мадумаров 3 мартда депутатлар комиссиясининг йиғинидан кейин билдирди.

Мадумаровнинг айтишича, модда ўзгартирилгани ҳақида бош прокурор Курманкул Зулушев комиссия йиғинида ўзи билдирган.

«Йиғинга бош прокурор ўзи келиб, «Давлатга хиёнат» моддаси тўғри эмас экан, нотўғри қўйдик, биз уни «Лавозимни суиистеъмол қилиш» моддасига алмаштирдик» деди. Бу оддий масала эмасда: «сотқин» деган моддани қўйиб, бир ой давомида барини қақшатиб, сўзлатиб, кейин бугун «йўқ, бундай айб йўқ экан» [дейишяпти]. Бу одамнинг тақдири, менинг ҳам туғишганларим бор, қариндошларим бор, чет ўлкадаги дўстлар бор — улар нима деб ўйлашади?» — деб савол берди Мадумаров.

Депутат Дастан Бекешев Телеграм-каналида олдин депутатлар комиссияси Мадумаровнинг дахлсизлигини олмаслик қарорига келганини айтди. Бироқ кўп ўтмай назорат органидан Мадумаровга қўйилган айб «Ваколатини суиистеъмол қилиш» моддасига алмаштирилганини билдириб, шу сабаб охирги қарор қабул қилинмаган.

Йиғинга қатнашган собиқ депутат Исмаил Исаков Мадумаровни айби йўқлигини айтиб, унга қўйилган айбни «шармандалик» деб атади.

«Адахан Кимсанбаевич бирорта ҳам ер бериш, алмаштириш, сотиш бўйича қўл қўймаган. Фақат «собиқ [бош вазир Игор] Чудиновнинг қарорларини аниқланглар, белгиланган муддатда шуни бизга айтинглар» деган икки протоколни имзолаган», — деди Исаков.

Шунингдек, Исаков Мадумаровни 2009 йили имзолаган протоколи «Қирғизистон манфаатига жавоб бермагани сабаб» парламент қўмитаси уни бекор қилганини қўшимча қилди.

Мазкур протокол 2011 йили Жогорку Кенешнинг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан бекор қилинган — Исаков қўмитанинг раиси бўлган.

Модда ўзгартирилгани сабаб Мадумаровни жавобгарликка тортиш учун дахлсизлик масаласини қараган депутатлар комиссиясининг иши 10 мартгача узайтирилди.

Муаммога сабаб бўлган протокол

2008 йилнинг май ойида ўша вақтдаги давлат раҳбари Курманбек Бакиев Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Эмомали Рахмон билан учрашган. Унда икки ўлканинг президентлари биргаликда баёнотни имзолаб, халқаро координация кенгаши тузишга келишган.

Тўрт-Кўча ҳудудидаги аниқланмаган жой. Сурат: «Азия-Плюс» нашри

2009 йили Ўш — Баткен — Исфана йўли таъмирланиб, бу ерда кўприк қуриш учун қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрт-кўча ҳудудига яқин жойлашган аниқланмаган жойда 275 метр узунликдаги ерни Тожикистондан 49 йилга ижарага олиш ҳақидаги протокол қабул қилинган. Бу протоколга ўша вақтдаги хавфсизлик кенгашининг котиби Адахан Мадумаров қўл қўйган.

Ўша йилнинг декабрь ойида Ўш шаҳрида икки ўлканинг ҳукуматлар аро учрашуви ўтиб, бу протоколга ўша вақтдаги транспорт вазири Нурлан Сулайманов ҳам қўл қўйган. Бироқ ҳужжатни ратификациялаш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилинмаган.

Адахан Мадумаров ўзи 2019 йилнинг 18 сентябрида «Азаттык»нинг «Ынгайсиз суроолор» дастурида протоколга имзони чегара масаласини тинчлик йўли билан ҳал қилишнинг ягона йўли бўлган деб асослаган.

2019 йили миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бу протоколга боғлиқ судгача текширувни бошлаган.

2021 йили президент Садир Жапаров Мадумаров имзолаган протокол бўйича бир неча марта баёнот бериб, Баткенда ерларни сотиб юборган «сотқинларни» сўроқ қилиб, жавобгарликка тортишини айтган. Шунингдек, президент Мадумаров имзолаган протоколни «асрлар давомида кечирилмас сотқинлик» деб атаган.

Шунингдек, Жапаров бу протокол «юридик кучга эга бўлмаганини» таъкидлаган. Йил бошида бош прокуратура терговни давом эттириб, бу иш асосида бир қанча амалдорларни сўроқ қилган.

2022 йилнинг 10 февралида бош прокуратура мухолифатдаги «Бутун Қирғизистон» фракцияси лидери Адахан Мадумаровга қарши жиноий иш қўзғагани маълум бўлган. Мадумаров буни «юз фоиз сиёсий иш» деб атаган.