Ўш шаҳридаги Оқбура милиция бўлимининг ходимлари талончилик билан шуғулланган беш кишини қўлга олди. Бу ҳақда ИИВнинг матбуот хизмати 4-мартда билдирди.
Маълумотга кўра, ўтган йилнинг 11-сентябрида милицияга 19 ёшдаги қиз бирга яшаган шериги иккисини нотаниш олти киши тўнаб кетганини айтиб ариза ёзган.
Жабрланувчи тунги соат 12да уйига кириб келган кишилар электрошокер ва пичоқ билан қўрқитиб, беш уяли телефон, икки қўл соати, соч қуритадиган фен, кийим-кечак ва 2 500 сом олиб кетганини айтган. Ариза эгаси уларнинг учтаси қизлар эканини таъкидлаган.
Милиция бу факт бўйича «Талончилик» моддаси билан жиноий иш қўзғаб, 28-февралда жиноятга алоқаси бор беш кишини ушлаган.
Уларнинг учтаси Ўзган тумани, бири Қорасув тумани, яна бири Баткен туманининг яшовчиси бўлган. гумонланувчиларнинг энг кичиги 18 ёшда, энг каттаси 22 ёшда.
Шаҳар милицияси гумондорларнинг ҳаммаси ҳеч қаерда ишламаслигини билдирди. Улар вақтинча сақлаш жойига киритилди.
Шу йилнинг 1-февралида Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги олтин ишлаб чиқарувчи компанияни тўнашда гумонланиб жиноий гуруҳ қўлга олинган.
Маълумотга кўра, 2021-йилнинг 8-ноябрида соат 02:30да кон қазувчи компанияга ниқобли ва қўлқопли одамлар бостириб кирган. Улар олдиндан тайёрланган таёқлар ва ўқ отувчи қуролларни кўтариб келишган.
Улар компаниянинг бошқа ходимларига ҳам ҳужум қилиб, калтаклаб, арқон билан боғлаб, телефонларини синдириб, 20 минг сом пулини шғирлаб кетишган. Жиноий ишда гумонланиб Олабуқа туманини 30 ёшдаги Ч.Б., 27 ёшдаги Т.С. ва 26 ёшдаги М.Ж. исмли турғунлари қўлга олиниб, 2 ойга вақтинча сақлаш жойига киритилган.