Қирғизистон президенти Садира Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Россиянинг Украинага бостириб кириши масаласида Қирғизистоннинг позициясини билдирди.
«Биз мавжуд вазият, жумладан, кейинги қурбонлар ва вайронагарчиликларнинг олдини олиш учун музокаралар йўли билан ҳал қилинишини олқишлаймиз», — деди Эрбол Султонбаев.
Аввалроқ Владимир Путин маъмурияти Россия матбуотига Қирғизистон президенти телефон орқали мулоқотда Россия позициясини қўллаб-қувватлаганини айтди деб маълумот тарқатган эди.
«Садир Жапаров Киевнинг Минск келишувига кўра масъулиятини таъкидлаб, Донбассдаги тинч аҳолини ҳимоя қилишга йўналтирилган Россиянинг қатъий ҳаракатларини кўллашини билдирди», — деб ёзган Кремлнинг матбуот хизмати.
Бироқ Садир Жапаровнинг маъмурияти Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ҳақида хабар бермаган эди.
«Давлат раҳбарлари Қирғизистон-Россия ҳамкорлигининг жорий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Садир Жапаров ва Владимир Путин халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Украина атрофидаги мавжуд вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар», — дейилади Қирғизистон президентининг сайтида.
Россия 24-февралга ўтар кечаси Украинага ҳужум қилган. Россия президенти Владимир Путин буни ҳарбий операция деб атаган, унинг айтишича, операциянинг мақсади — «саккиз йил давомида геноцидга учраган [Донбасдаги] халқни ҳимоя қилиш». Украина расмийлари Россия ҳужум қилиш билан амалда уруш эълон қилди деб билдирган.
Роскомнадзор Россия ОАВларига Россиянинг Украинага бостириб киришини тасвирлашда «уруш» сўзини ишлатишни тақиқлади. Шунингдек, муассаса «Новая газета», «Дождь», «Эхо Москви» ва «Медиазона» нашрларидан Россия ҳукуматининг расмий маълумотларига асосланмаган материалларни ўчириб ташлаш талаб қилмоқда.
Украинанинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россия бостириб кирган кундан бери 198 киши ҳалок бўлганини, унинг ичида 3 бола борлигини хабар қилган. Яна 1115 киши жабрланган, уларнинг 33 нафари болалар.