Қирғизистон мамлакатга келаётган эмланган фуқаролар учун ПЦР талабини бекор қилди

422

11 февралдан бошлаб Қирғизистонга киришда эмланган фуқаролар учун ПЦР тести натижаларининг мажбурий мавжудлиги тўғрисидаги қоида қўлланилмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бир кун аввал Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Эдил Байсалов коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Республика штабининг йиғилишини ўтказган ва унда жорий эпидемиологик вазият ва эмлаш суръатлари юзасидан ахборот тинглаган эди.

У Соғлиқни сақлаш вазирлигига 11 февралдан бошлаб қуйидагиларни бекор қилишни назарда тутувчи алгоритм ва кўрсатмаларга ўзгартиришлар киритишни топширди: коронавирус билан касалланган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни изоляция қилиш; эмланган фуқаролар учун ПЦР тести натижаларининг талаби.

Республикага киришда эмланган фуқаролар эмланганлик тўғрисидаги гувоҳномани, эмланмаган — ПЦР тести натижалари билан сертификатни тақдим этишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ҳукумати 1 декабрдан бошлаб мамлакатга кирувчи барча фуқароларни эмлаш ҳолатидан қатъи назар, ПЦР тестидан ўтишга мажбур қилди. Бундай чекловлар коронавируснинг омикрон штамми тарқалиши муносабати билан жорий қилинган.

5 январдан бери Қирғизистонда коронавирус кўрсаткичлари кескин ошди. Охирги марта 10 январда 200 дан кам ҳолат қайд этилган. 12 январь куни расмийлар Қирғизистон Республикасида коронавируснинг омикрон штамми аниқланганини эълон қилди.

Февраль ойи бошидан Қирғизистон Республикасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш даражаси пасаймоқда. 3 февраль куни коронавирус инфекциясига қарши курашиш штабининг йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улукбек Бектурганов тўртинчи тўлқин чўққисига чиққанини маълум қилди.