МХДҚ собиқ депутат Абжалиевни 2 млн доллар фирибгарлик гумони билан қўлга олди

344

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ходимлари 2 миллион долларлик фирибгарликда гумон қилиб Жогорку Кенешнинг собиқ депутатини ҳибсга олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Махсус хизмат тарқатган баёнотда «АА» исмли собиқ депутатнинг қўлга олингани билдирилди. 24.kg  нашрининг хабарига кўра, бу собиқ депутат Алиярбек Абжалиев —  собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг куёвидир. Шунингдек, «Акипресс» хабарида ҳам қўлга олинган шахс Абжалиев экани ёзилган.

Тергов версияси бўйича,  Абжалиев депутат бўлиб турган вақтидаги фирибгарлик факти ҳақида хусусий тадбиркор маълум қилган. Бироқ унинг исми ошкор этилмаган.

«Текширув натижасида аризачининг даъволари ўз тасдиғини топди, олинган материаллар мазкур факт бўйича «Фирибгарлик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиши учун асос бўлди», — деб билдирди МХДҚ.

Натижада 10-февраль куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди Абжалиевни тергов тугагунига қадар ҳибсда сақлашга қарор қилди.

Аввалроқ Абжалиев ноқонуний бойиш ишининг фигуранти бўлган. Тергов версияси бўйича, Абжалиев собиқ президент билан бўлган қариндошлигидан фойдаланиб, давлат идораларининг ишига аралашиш орқали жисмоний шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилган.

Бироқ 9 февралда Бош прокурор Қурманқул Зулушев Абжалиевга нисбатан жиноят иши тўхтатилганини маълум қилган. Шу билан бирга, Бош прокурор депутатнинг ишини қисқартиришга нима сабаб бўлгани унга номаълум эканини қўшимча қилган.