Бишкекда 19-январда «Осмон шаҳри қурилишига қарши» ташаббусчилар гуруҳининг учрашуви бўлди. Бу ҳақда мазкур гуруҳнинг ташкилотчиларидан бири Толкун Бекбулатова ўзининг Фейсбук саҳифасида маълум.
Унинг айтишича, тадбирга 40дан ортиқ фаол қатнашди. Учрашув давомида улар Иссиқкўл ва унинг атрофидаги ерлар алоҳида назоратдаги биосфера ҳудудига киришини таъкидлашди.
Уларнинг фикрича, Осмон шаҳрини қуриш лойиҳаси «бошидан утопия, ва иқтисодий, инфраструктура ва ижтимоий томондан олганда ҳам амалга ошиши мумкин эмас». Улар лойиҳани амалга оширишда «экология бузилиши хавфи ва табиий, инфраструктура ва одам ресурсларини чеклаш, мақсадсиз фойдаланиш хавфи бор» деб ҳисоблашади.
Бекбулатова шу сабаб президентга, Жогорку Кенеш спикерига, минкаб раиси ва бош прокуратурага мурожаат қилиб, Осмон шаҳрини қуриш лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилиш қарорини қабул қилишганини билдирди.
Осмон шаҳрининг лойиҳаси
Иссиқкўл четидаги Осмон шаҳрини қуриш ташаббуси ўтган йилнинг ярмида маълум бўлган. 2021-йилнинг июль ойида ҳукумат «Асман экологик тоза шаҳрининг» синов лойиҳасини намойиш қилган.
Ҳукумат лойиҳа Бишкекдаги зичликни камайтириб, ўлкада туризм ривожланишига шароит яратишини айтган.
Муаллифларнинг ғояси бўйича, шаҳарнинг кўриниши осмондан қўмизга ўхшаши керак. Шаҳарда муқобил энергия манбалари ва транспортнинг экологик тоза турлари фойдаланилади. Бундан ташқари, шаҳарда яшил иқтисод принциплари сақланади.
Муаллифлар фикрича, шаҳар 500 минг доимий яшовчига мослашади, бутун эко-шаҳарнинг ўзи 7-10-йил муддатда қурилади.
Лойиҳа муаллифлари «4 минг гектар майдонни эгаллаган концептуал янги шаҳарни қурилишига шаҳарни таъмирдан чиқаришга кетган маблағдан оз пул сарфланади» деб ҳисоблашади. Қурилиш ишлари 20 миллиард долларга баҳоланган.
Бунгача ҳукумат мазкур лойиҳани амалга оширувчи давлат дирекция тузган. Уни ҳозирда Тимур Файзиев бошқаради. Файзиевга ўтган йили коррупцияга алоқаси бор деган гумон билан қидирув эълон қилинган.
Президент Садир Жапаровнинг айтишича, Осмон шаҳрига бюджетдан «бир тийин ҳам» сарфланмайди, ҳукумат фақат инвесторларга ер беради. Ўрнига давлат уйларнинг 10%ни олиб, ипотека компанияси орқали фуқароларга сотади.
У Осмон шаҳрининг бош режаси ишланаётганини — бунга бир-икки йил кетишини айтган.
«Шаҳар қурилиши бошланса, минимум 200 минг одамга иш ўрни яратилади. Экологик тоза шаҳар қурилади. Барча лойиҳалари, дизайнларини, ишнинг боришини ўзимиз назорат қиламиз. Остона ҳам шундай усул билан қурилган», — деб билдирган у.