«Бутун Қирғизистон» фракцияси лидери Адахан Мадумаров 20-январда «Азаттык» радиосининг «Эксперттер талдайт» дастурида 2009-йили қирғиз-тожик чегарасидаги аниқланмаган ер тўғрисида қабул қилинган протокол бўйича тушунтириш берди.
Мадумаровнинг айтишича, бу протокол 2009-йили Қирғизистон ва Тожикистоннинг хавфсизлик кенгаши котибларининг учрашувида қабул қилинган. Шу сабаб ундаги қарорларни таклиф қатори баҳолаш кераклигини айтди.
«“Саводлиман” деган кишиларга савол бермоқчиман: расмий учрашув билан норасмий учрашувнинг нима фарқи бор? Мен биламан, жавоб ололмайман. Давом этайин: “президентларнинг ваколатларини олиб” деб сўзлаяпти — президентнинг ваколатларини ҳеч ким беролмайди, ҳеч ким ололмайди [...] Бу ишчи гуруҳнинг таклифини олиб келамиз, ҳукуматга берамиз. Кейин икки давлатнинг комиссияси шу асосда ишлайди “бу ери бизга ёқади, бу ери ёқмайди, бу ерини олиб ташлаймиз, бу ерини тўхтатамиз” деб иккинчи босқичига ўтади. Кейин учинчи босқичига ўтади: “ҳукуматлар аро” деган», — деди Мадумаров.
Мадумаров Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳукуматлар аро учрашуви 2009-йилнинг 24-декабрида ўтганини билдирди. Унинг айтишича, икки томон протоколдаги айрим пунктлар «қўшимча қаралади» деган қарор қабул қилишган.
«Шу билан бу қоғоз [протокол] умуман ўз кучини йўқотади. Кейин [президент Садир Жапаров] айтяпти: “буни [тожик] томон кўрсатяпти” деб, кўрсатадида. Шу сабаб булар Мадумаровни ёмон кўрмаслик керак, булар уларга айтиши керак: “кечирасизлар, бу ишчи гуруҳнинг қоғози”. Мана Жапаров ҳам кеча айтди: уни [Мадумаровни] қўл қўйган қоғози юридик кучга эга эмас”. Ээ бўлмаса нимага бунча бақирасан?» — деб савол берди Мадумаров.
Муаммоли протокол
2009-йили Ўш — Баткен — Исфана йўли таъмирланиб, бу ерга кўпрок қуриш учун қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрт-Кўча ҳудудига яқин жойлашган аниқланмаган ҳудудда 275 метр узунликдаги ерни Тожикистондан 49 йилга ижарага олишга келишилган. Бу протоколга ўша вақтдаги хавфсизлик кенгашининг котиби Адахан Мадумаров қўл қўйган. Бироқ Жогорку Кенеш бу протоколни ратификациялаган эмас.
Адахан Мадумаров ўзи 2019-йилнинг 18-сентябрида «Азаттык»нинг «Ингайсиз суроолор» дастурида протоколни имзолашни чегара масаласини тинчлик йўли билан ҳал қилишни ягона йўли деб билдирган.
2019-йили миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бу протокол бўйича судгача текширувни бошлаган.
Мадумаров бу иш асосида 14-январдан бошлаб бош прокуратурага сўроққа чақирилмоқда.
«Асрлар давомидаги кечирилмас сотқинлик»
Президент Садир Жапаров Мадумаров имзолаган протокол бўйича бир неча марта билдирув билан чиққан. Жапаровнинг айтишича, Мадумаров имзолаган протокол сабаб тожик томон 275 метр аниқланмаган ерни талашмоқда. Шунингдек Жапаров протокол юридик кучга эга эмаслигини эслатиб ўтди.
Парламент сайлови вақтида Жапаров Баткен вилоят медиа-марказининг етакчиси Мамажан Бердишевга интервью бериб, Баткенда ерларни сотиб юборган «сотқинларни» сўроқ қилиб, жавобгарликка тортишини айтган.
Давлат раҳбари 17-январда «Вечерний Бишкек» нашрига «Бутун Қирғизистон» лидерини кескин танқид қилиб, Мадумаров имзолган протоколни «асрлар давомидаги кечирилмас сотқинлик» деб атаган.
«Сотқинлик қилдингми? Жавоб бер! Қачонгача “ортимда қўллайдиганлар бор, улар мени жавобгарликдан ҳимоя қилади” деб истаган ишини қилаверади? Бундай кўриниш давом этаверса, ўнгланмаймиз. Эртага яна бир "популист" сиёсатчи чиқадида, “ортимда халқ бор” деб халқнинг ишончини ўзининг шахсий манфаатига ишлатиб, истаганини қилиб, давлатнинг, халқ манфаатини сотиб, мазза қилиб юради», — деган Жапаров.
Адахан Мадумаров сўроқдан чиққандан кейин Жапаровни танқид қилиб, шу билан бирга «бош прокурор, суд ва терговчининг вазифасини бажараётганини билмабман» деб норози бўлди.
«Бу менимча жуда катта маданиятсизлик, жуда катта саводсизлик деб ҳисоблаш керак. Давлат раҳбариман деган киши бироз китобларни қараб ўқиса бўларди. Жиноятчи деб фақат суд қарор чиқаради», — деган Мадумаров.