МХДҚ чегара хизматидан 7 январь куни Қозоғистон томоннинг ташаббуси билан икки давлат чегарасидаги тўрт ўтказиш пункти вақтинча ёпилганини маълум қилишди.
Чуй вилоятидаги «Кен-Булун — Автожол», «Токмок — Автожол» ўтказиш бекатлари ёпилгани ҳақида 7 январда эрталаб муассасанинг матбуот хизмати хабар қилса, «Ак-Жол — Автожол» ва «Ак-Тилек —Автожол» бекатлари вақтинча ишини тўхтатганини МХДҚ раиси Камчибек Ташиев парламент йиғинида билдирди.
Муассасадан қозоқ томон «Ягона маълумот тизими ишдан чиққани сабаб» ўтказиш пунктларини вақтинча ёпди деб тушунтирди.
«Қирғиз-қозоқ давлат чегарасининг қолган ўтказиш пунктлари: Чуй вилоятидаги «Чалдибар — автойўл», Талас вилоятидаги «Чон-Капка-автойўл» ва Иссиқкўл вилоятидаги «Каркира-автойўл» ўтказиш бекатлари COVID-19га боғлиқ чекловларни ҳисобга олиб штат режимида ишламоқда», — деб билдиришди чегара хизматидан.
Шунингдек, 2022 йилнинг 7 январидан бошлаб қирғиз-қозоқ чегарасида вазият барқарорлигини қўшимча қилишди.
Қозоғистонда 2022 йилнинг 2 январидан бери митинглар бўлмоқда. Шу сабабли ўтказиш пунктлари вақтинча ёпилган. Қўшни ўлкадаги митинглар суюлтирилган газнинг қимматлагани сабаб Мангистагу вилоятида бошланган.
Бир неча кун ичида бошқа шаҳарларда ҳам яшовчилар митингга қўшила бошлаган. Намойишчиларнинг асосий қисми 4 январдан бошлаб турли шаҳарларда норозилик акцияларига чиқа бошлашган.
Ўлкада норозилик намойишлари тўхтамагани сабаб 6 январга ўтар кечаси Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Тўқаев Жамоат хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилиб, «террор хавфини енгишга» ёрдам сўраган. У мазкур мурожаатни ўлкада интернет пайдо бўлгандан кейин қилган — ҳукумат 5 январда интернетни деярлик 7 соатга яқин ўчиргани ва бу вақт оралиғида ўлкада нима бўлгани номаълум бўлган.
Тўқаев суюлтирилган газнинг нархини туширишни ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилганларни «террорчилар» деб атаган. Шунингдек, Тўқаев митингчиларга «қатъий чора кўришини» билдирган.
ЖХШТнинг «тинчлик ўрнатиш кучларни юбориш» кампаниясига ҳозирча уч давлат розилик берди — Арманистон (70 ҳарбий), Тожикистон (200 ҳарбий), Россия (3000 ҳарбий).
6 январдан бошлаб қозоқ ҳукумати митинг уюштирувчиларини «ликвидациялаш» деб аталган «тозалаш» ишларини бошлаган. Олмаота полицияси ўнлаган одамлар ҳалок бўлганини билдириб, буни «антитеррор операция» деб атаган.