Садир Жапаров Қозоғистонга ҳарбийларни юборишга қарши чиққанларни танқид қилди

371

Президент Садир Жапаров Қирғизистон қўшинларининг КХШТ тинчликпарвар кучлари таркибида қўшни Қозоғистонга юборилиши эҳтимоли ҳақида гапирди.

У парламент депутатларидан бунга қарши чиқмасликни сўради ва Қирғизистондан қўшни давлатга ҳарбийларнинг юборилишига қарши митингга чиққан фаолларни «популистлар» деб атади.

«Қўшни қардош Қозоғистонда бўлаётган вазият бўйича ҳар ким ҳар қандай фикрини айтиб, 20-30га яқин популист фуқароларимиз шахсий манфаатларини кўзлаб, шундаф фожиадан ўзларига пиар қилиш мақсадида Оқ уйнинг олдига чиқишди. [...] Фақат сизлар ватанпарвар, аққли бўлиб, биз эса кўчада юрган одамлар эмасмиз. Шунингдек, биз: «Етти ўлчаб - бир кес» тамойилига амал қиламиз. Ўз халқини отмаган ҳарбийларимиз қозоқ қардошларимизни ҳам отмаслигига аминмиз. Аксинча барқарорликни ўрнатишга ёрдам беринглар деб жўнатяпмиз», — деб ёзди Жапаров фейсбукдаги саҳифасида.

Садир Жапаров. Сурат: президент маъмуриятининг матбуот хизмати

Унинг фикрича, ҳозир «Қозоғистонда кўплаб стратегик давлат объектларини ҳимоя қилиш учун хавфсизлик кучлари етарли эмас».

«Улар биздан ёрдам сўрашди. Биз ёрдам беришимиз керак, чунки биз КХШТнинг доимий аъзосимиз. Шартнома аввалроқ Жогорку Кенеш томонидан имзоланган ва ратификация қилинган эди. Биз ёрдам бериш ниятидамиз, лекин биринчи навбатда ҳарбийларимиз қаерга юборилиши, улар қайси муассасаларни қўриқлаши ва бошқа масалаларни аниқлаймиз», — деди президент.

Жапаровнинг сўзларига кўра, айрим депутатлар «популистлар босими остида» ҳарбий хизматчиларни Қозоғистонга юборишга қарши чиқишган. Аввалроқ парламент аъзолари Дастан Бекешев, Элмурза Сотибалдиев ва Исхақ Масалиевлар бу ташаббусга очиқ қарши чиқишган эди.

Садир Жапаров парламентнинг депутатларига мурожаат қилиб, «қарши бўлманглар» деб илтимос қилди.

«Қозоғистонда вазият барқарорлашиб қолди. Шундай бўлса ҳам қўлимиздан келган ёрдамимизни берайлик. Қўшниларимизда тинчлик бўлса, бизда ҳам тинчлик бўлади», — деб мурожаатини якунлади президент.

6-январда Жогорку Кенеш фавулодда йиғинга тўпланиб КХШТнинг Қозоғистонга «тинчликни ўрнатувчи кучларни» юбориш қарорини кўриб чиқиши керак эди. Йиғинда халқ вакиллари Қирғизистон ҳарбийларини қўшни давлатга жўнатиш ёки жўнатмаслик бўйича қарор чиқариши керак бўлган. Аммо кворум йўқлиги сабаб йиғин 7-январга кўчирилди.

Депутатлар мажлисга йиғилаётган пайтда парламент биноси ёнига  фаоллар митингга чиқиб, Қирғизистон аскарларининг Қозоғистонга юборилишига қарши чиқишган.

6 январь куни Бишкекда Оқ уй ёнидаги фаоллар митинги. Сурат: Айдай Токоева / «Клооп»

Шундан сўнг Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси қирғиз халқидан «мазкур қарорга тўлиқ тушуниш ва масъулият билан муносабатда бўлишни» сўраган.

«Қозоғистоннинг яқин қўшниси ва стратегик иттифоқчиси сифатида Қирғизистон қонуний ҳокимиятларнинг ёрдам чақирувини рад этишга ҳаққи йўқ ва КХШТ доирасидаги мажбуриятларини керакли даражада амалга оширади», - дея таъкидлади расмийлар.

Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев Қирғизистон ҳарбийлари Қозоғистонга жўнаб кетса, улар «стратегик объектлар қўриқланишини таъминлашга жалб этилишини» айтган.

«Биз Қирғизистон ҳарбийлари Қозоғистондаги акциялар иштирокчилари билан ҳеч қандай ҳаракатларга аралашмаслигини алоҳида таъкидлаймиз», - деди Султонбоев.

Бу орада КХШТнинг сайтида аъзо давлатларнинг кучлари Қозоғистонга юборилгани бўйича пресс-релиз эълон қилинди.

«Коллектив хавфсизлик кенгашининг 6-январда қабул қилган қарорига кўра, КХШТнинг тинчлик ўрнатувчи кучлари вазиятни барқарорлаштириш ва меъёрга келтириш учун Қозоғистон Республикасига чекланган муддатга жўнатилди. Уларнинг таркибига Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Россия ва Тожикистоннинг қуролли кучларининг бўлинмалари кирди», — деб ёзилади унда.

Шунга қарамай президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Клооп»га қарорни КХШТ қабул қилганини таъкидлаб, «миллий қонунлар бўйича уни Жогорку Кенеш тасдиқлаб бериши кераклигини» айтган.