Максим Бакиев сиртдан 25 йиллик қамоққа ҳукм қилинди

611

Бишкекнинг Биринчи май район суди ҳокимиятдан қувилган президент Қурманбек Бакиев ўғлини мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бишкекнинг Биринчи май район суди Ривожлантириш, инвестиция ва инновация марказий агентлиги собиқ бошчиси Максим Бакиевни қуйидаги уч ҳолат бўйича айбдор деб топди:

• 30- банд — жиноятга аралашиш;
• 303-банд — коррупция;
• 306-банд — Қирғизистон манфаатларига хилоф равишда давлат харидларини амалга ошириш.

Биринчи май район суди Максим Бакиевни 3 йилгача маълум лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, унинг мол-мулкини мусодара этишга ҳукм қилди.

Максим Бакиев «Северэлектро» электр ширкатини сотиб давлатга 133 млн АҚШ доллари миқдорида мулкий зарар етказганликда ҳам айбдор деб топилди.

Бош прокуратурага кўра, кичик Бакиевнинг қилган жиноятлари ичида Иссиқкўл областидаги ерларни ноқонуний равишда сотганлик ҳам бор.

«Отасининг мавқеидан фойдаланиб, Максим Бакиев Давлат мулки қўмитасининг Иссиқкўл худудий бошқармаси бошчисига 9 гектардан ошиқ ерни ўзлаштириб беришга буйруқ берган» , — деб ёзилади Бош прокуратура сайтида.

Прокуратура тарқатган баёнотга кўра, ушбу ўзлаштириш оқибатида давлатга 123 минг сомдан ошиқ зарар келтирилган.

Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Буюк Британиядан Максим Бакиевни Қирғизистонга юборишни талаб қилмоқчи.

Бош прокуратура Максим Бакиевга қарши жиноий ишни 2010 йилги инқилобдан сўнг қўзғаганди.

2010 йилнинг май ойида у Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган — 2010 йилнинг 14 июнида у ижарага олинган шахсий самолётда Буюк Британиянинг «Фарнборо» аэропортига қўнган ва маҳаллий полиция тарафидан қўлга олинган эди.

Кейинроқ у Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраган ва сўрови қаралгунча унга вақтинчалик мазкур давлат худудида яшаб туриш ҳуқуқини сўраган эди.